Эрондаги норозилик намойишларида камида олти киши ҳалок бўлди
Олам
−
02 Январь 3319 2 дақиқа
Эронда оғир иқтисодий вазият ва юқори инфляция фонида бошланган беш кунлик норозилик намойишлари чоғида 6 киши ҳалок бўлди ва 17 киши жароҳат олди. Ҳалок бўлганлар орасида хавфсизлик ходими ҳам бор. Бу ҳақда “AlJazeera” хабар қилди.
Қайд этилишича, 1 январь кунги ҳолат бўйича норозиликлар вақтида камида олти киши ҳалок бўлган. Шу куни Эрон давлат телевидениеси ғарбий Лорестан вилоятининг Куҳдашт шаҳрида Басиж милицияси аъзоси ўлдирилганини маълум қилди. Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси (IRGC) мазкур ҳодисада намойишчиларни айблади. Бироқ Hengaw инсон ҳуқуқлари ташкилоти ҳалок бўлган шахс хавфсизлик кучлари томонидан ўлдирилган намойишчи бўлганини даъво қилмоқда.
Норозилик намойишлари 28 декабрь куни Теҳронда бошланган. Аввалига мобил телефон сотувчилари, кейинчалик бошқа соҳа вакиллари мамлакатдаги иқтисодий аҳвол ёмонлашаётганига норозилик сифатида дўконларини ёпган. Кейинчалик норозилик намойишлари бошқа йирик шаҳарларга ҳам тарқалган.

30 декабрь куни намойишчилар ва ҳуқуқ-тартибот органлари ўртасида дастлабки тўқнашувлар юз берган. Хавфсизлик кучлари кўздан ёш оқизувчи газ қўллаган. Хабарларга кўра, норозиликлар тез орада сиёсий тус олиб, намойишчилар “Диктаторга ўлим” ва “Қирол узоқ умр кўрсин” каби шиорларни илгари суришган.
30 декабрь куни Эрон президенти Масъуд Пезешкиён Ички ишлар вазирига намойишчилар ва касаба уюшмалари билан мулоқот ўрнатиб, уларнинг қонуний талабларини тинглашни буюрганини эълон қилди. Шу билан бирга, хавфсизлик кучлари норозиликларни “ташқи кучлар иштирокидаги фитна” деб баҳолаб, фуқароларни намойишларда қатнашмасликка чақирмоқда.
Маҳаллий ОАВ хабарига кўра, 1 январь куни Теҳронда жамоат тартибини бузганликда гумон қилиниб, 30 киши ҳибсга олинган.
Маълумот ўрнида, Эрон иқтисодиёти ҳозирда қарийб 40 фоизлик инфляция ҳамда ядровий дастур билан боғлиқ Ғарб санкциялари босими остида қолмоқда. Президент Пезешкиан инфляцияни пасайтириш ва аҳоли турмуш даражасини яхшилашга ваъда бермоқда.