Эронда суд тартибсизликларни уюштирганлик учун илк ўлим ҳукмини чиқарди

Олам 6650
image

Эрон суди Теҳрон вилоятидаги намойишчилардан бирига дастлабки ўлим ҳукмини чиқарди. Бу ҳақда кеча, 13 ноябрь куни ISNA агентлиги хабар берди. 

Унга кўра, қўлга олинган шахс ҳукумат биносига ўт қўйиш ва тартибсизликлар уюштиришда айбланган. 

Бундан ташқари, осойишталикни бузиш ва мамлакат миллий хавфсизлигига қарши жиноий тил бириктиришда айбланган намойишчиларга нисбатан беш йилдан 10 йилгача озодликдан маҳрум қилишни назарда тутувчи бешта суд қарори чиқарилган. 

Агентлик таъкидлаганидек, ушбу ҳукмлар дастлабки ҳисобланади ва апелляция судига шикоят қилиниши мумкин. 

Эрон Мажлиси депутатлари 8 ноябрь куни суд ҳокимиятини оммавий норозилик намойишлари иштирокчиларига сабоқ беришга ва Эрон халқининг ҳаёти, мулки, хавфсизлиги ва шаъни тузумнинг қизил чизиғи эканлигини барчага исботлашга чақирди. Шу билан бирга, депутатлар, уларнинг фикрича, намойишчилар қандай жазога лойиқ эканини кўрсатмаган.

31 октябрь куни ISNA агентлигининг хабар беришича, Эрон суд тизими Эроннинг Теҳрон вилоятидаги намойишчиларга қарши 1000 га яқин айблов қўйган. 

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 16 сентябрь куни Эронда ахлоқ полицияси томонидан нотўғри ҳижоб кийгани учун ҳибсга олинган 22 ёшли талаба Маҳса Амини вафот этди. Унинг вафотидан сўнг мамлакатда норозилик намойишлари бошланди.

Намойиш сифатида бутун мамлакат бўйлаб аёллар ҳижобни ёқиб, сочларини кесмоқда. Ушбу норозилик дунёнинг бошқа мамлакатларида ҳам акс-садо bermoqda. Намойишчилар кўчаларни тўсиб, хавфсизлик кучларига тош отди, полиция машиналари ва ахлат қутиларига ўт қўйди, ҳукуматга қарши шиорлар айтишди.

Амини ўтган ҳафта пойтахтда Эрон ахлоқ полицияси томонидан аёлларнинг сочларини ҳижоб ёки рўмол, қўл ва оёқларини кенг кийим билан ўрашни талаб қилувчи қонунни бузганликда айбланиб ҳибсга олинган эди. 

Қўлга олинганидан уч кун ўтгач, Амини вафот этди. Расмийларга кўра, ўлимга "юрак етишмовчилиги" сабаб бўлган. Аммо марҳумнинг қариндошлари қизнинг юрагида ҳеч қачон муаммо бўлмаганини даъво қилмоқда. Улар жабрланувчини калтаклаш оқибатида вафот этган, деб тахмин қилмоқда. 

БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари вазифасини бажарувчи Нада Ал-Нашиф Амини полиция томонидан калтаклангани ҳақидаги хабарларга ишора қилди.

Америка Қўшма Штатлари ҳибсга олингандан кейин вафот этган эронлик Маҳса Амини ўлими сабабли Эроннинг ахлоқ полициясига қарши санкциялар киритди. Кейинроқ Канада ҳам бир неча ўнлаб Эрон расмийлари, бизнес вакиллари, шунингдек, Эрон ахлоқ полициясига қарши санкциялар жорий этишга қарор қилди.

Теҳронда Эрон ахлоқ полицияси томонидан Ислом Республикасининг қаттиқ кийиниш қоидаларини бузгани учун ҳибсга олинганидан кейин комага тушиб, вафот этди.

Эронда унинг ўлимидан сўнг бутун мамлакат бўйлаб мисли кўрилмаган норозилик тўлқини кузатилди, сўнгги тўрт ҳафта ичида камида 233 намойишчи ҳалок бўлди.

Намойишчилар полиция ва “Басиж” милицияси аъзоларига ҳужум қилган, Қуръонни таҳқирлаган, масжидлар ва ҳукумат биноларига ўт қўйган, ҳижобли аёлларга ҳужум қилган, тез ёрдам машиналари ва ёқилғи қуйиш шохобчаларига ҳужум қилинган. Иштирокчилар Эроннинг турли шаҳарларида ҳибсга олинди.

Qalampir.uz Tahririyati
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 68
Рейтинг: 3.1
Теглар
t
×