Эронда парламент сайловлари бошланди

Олам

image

Бугун, 1 март куни маҳаллий вақт билан соат 08:00да Эроннинг барча вилоятларида Экспертлар кенгаши ва Мажлис (бир палатали парламент) аъзолари учун овоз бериш бошланди.  Бу ҳақда Эрон сайлов штаби хабар берди.

Овоз бериш 10 соат, маҳаллий вақт билан 18:00 гача давом этади. Бироқ Сайлов штаби матбуот котиби Моҳсин Исломийнинг маълум қилишича, агар зарурат туғилса, овоз бериш муддати узайтирилиши мумкин. 

"Бу йил 60 миллионга яқин эронлик овоз бериш ҳуқуқига эга ва бу ҳуқуқдан фойдаланиш учун сайловчи бешта шахсни тасдиқловчи ҳужжатдан бирини тақдим этиши керак", дейди матбуот котиби.

Жаҳон банкининг 2022 йилги маълумотларига кўра, Эронда 88 миллиондан ортиқ аҳоли истиқомат қилади.

Қайд этилишича, Экспертлар кенгашига сайловлар Эронда ҳар 8 йилда бир марта ўтказилади. Жорий йилда Конституция қўриқчилари кенгаши (руҳонийлар вакилларидан иборат парламентдан юқори орган) ҳар бир номзоднинг зарур шартларга жавоб берганлигини аниқлаш мақсадида 500 дан ортиқ аризаларни кўриб чиқди ва атиги 144 нафар талабгорнинг сайловда номзодини қўйишига рухсат берди. Мажлис учун сайловда эса 14 912 нафар номзодга иштирок этишга рухсат берилди, бу умумий аризалар сонининг 73 фоизини ташкил этди. Шу тариқа, парламентдаги бир ўрин учун 51 киши кураш олиб боради.

Сайлов хавфсизлигини таъминлаш тадбирларига бутун мамлакат бўйлаб 190 мингга яқин ҳарбий хизматчи ва ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари жалб қилинади. Эрон Қуролли кучлари вертолётлари эса мамлакатнинг чекка вилоятларидан сайлов қутиларини олиб келишда фойдаланилади. Шунингдек, миллий хавфсизликни таъминловчи барча хизматлар, жумладан, чегара хавфсизлигини таъминлаш бўйича юқори шай ҳолатга келтирилади.

Маълумот учун, Экспертлар кенгаши Эрондаги давлат органи бўлиб, унинг таркибига 88 нафар нуфузли диншунослар киради. Унинг асосий вазифаси мамлакат олий ва маънавий раҳбарини сайлашдан иборат. Бундан ташқари, унинг масъулиятига конституцияга тузатишлар киритиш ва конституцияда назарда тутилган ҳолларда Эрон раҳбарининг истеъфоси тўғрисида қарор қабул қилиш киради.

Мажлис эса 290 депутатдан иборат. Мамлакат конституциясида парламент аъзолари сонини сиёсий, географик ва бошқа омилларни ҳисобга олган ҳолда ўзгартириш имконияти кўзда тутилган – ҳар 10 йилда депутатлар сони 20 кишига кўпайтирилиши мумкин. Парламентда бешта ўрин диний озчиликлар учун ажратилган: оссуриялик насронийлар ва хальдеийлар биргаликда биттадан депутат, арман насронийлари иккитадан, яҳудийлар ва зардуштийлар биттадан депутат сайлайди. Парламентнинг ваколат муддати – тўрт йил.


Мақола муаллифи

Теглар

Эрон сайлов Мажлис Экспертлар кенгаши

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг