Эронда Нобель мукофоти лауреати қўлга олинди
Олам
−
13 Декабрь 4792 1 дақиқа
Кеча, 12 декабрь куни Эронда ҳуқуқ ҳимоячиси ва Тинчлик бўйича Нобель мукофоти лауреати Наргиз Моҳаммади қўлга олинди. Ҳодиса Машҳад шаҳрида ҳуқуқ ҳимоячиси бўлган адвокат Хусрав Аликордининг хотира маросими вақтида содир бўлган. Бу ҳақда фаоланинг жамғармаси Х ижтимоий тармоғида маълум қилди.
У билан бирга яна бир нечта ҳуқуқ ҳимоячилари ҳам ҳибсга олинган. Уларнинг қўлга олиниши сабаблари аниқлаштирилмаган, Эрон расмийлари ҳозирча бу борада изоҳ бермаган.
Маълумот учун, Наргиз Моҳаммади 2021 йил ноябрь ойидан бери қамоқда эди. У давлатга қарши фитна ва ҳукуматга қарши тарғибот айбловлари билан судланиб, жами 36 йил озодликдан маҳрум этилган. У ҳозирга қадар 10 йилини ўтаб бўлган. 2024 йил декабрь ойида соғлиғи сабабли унга 21 кунлик таътил берилган, кейинчалик бу муддат яна олти ойга узайтирилган.
Наргиз Моҳаммади 2023 йилда Эронда аёлларга нисбатан зулмга қарши курашгани ва инсон ҳуқуқларини илгари сургани учун Тинчлик бўйича Нобель мукофотига сазовор бўлган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Эронда Европадаги икки давлатнинг фуқаролигига эга бўлган икки шахс устидан суд жараёни бошлангани ва улар “хорижий разведка хизматлари билан ҳамкорлик қилиш” ҳамда “сионистик режим (Исроил) фойдасига жосуслик”да айбланаётгани ҳақида хабар берилган эди.
Live
Барчаси