Эронда намойишда қатнашган йигит қамоқхонада ўлдириб юборилди 

Олам

image

Эронда ўтган йилги ҳукуматга қарши намойишларнинг яна бир иштирокчиси яширинча қатл қилинди. Бу ҳақда Hengaw инсон ҳуқуқлари ташкилотига таяниб, BBC хабар берди.

Манбага кўра, 21 ёшдаги Милад Зоҳреванд 23 ноябрь куни эрталаб Эрон ғарбидаги Ҳамадон шаҳридаги қамоқхонада қатл этилган. У ўтган йилги намойиш чоғида Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси аъзосини ўлдирганликда айбланган. Ҳибсда ва суд жараёнида унга адвокат беришдан бош тортишган. 

Эрон расмийлари қатл фактини ҳали тасдиқламади. Агар қатл тасдиқланса, Зоҳреванд ўтган йилги норозилик намойишларида ўлим жазоси қўлланилган саккизинчи иштирокчига айланади.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби Антониу Гутерришнинг ҳисоботига кўра, аввалги еттита ҳолатда барча аломатлар адолатли суд жараёни талабларига жавоб бермаган.

Шунингдек, ҳисоботида келтирилишича, айбланувчилар кўпинча тегишли қонуний вакилликдан маҳрум бўлган. Бундан ташқари, қийноқлар орқали олинган бўлиши мумкин бўлган мажбурий иқрорлар ҳақида ҳам хабарлар бор.

Эрон диний ҳокимиятига қарши оммавий норозилик намойишлари 2022-йил сентябрида ҳижобда нотўғри кийинганликда айбланиб, ахлоқ полицияси томонидан ҳибсга олинган 22 ёшли Маҳса Амини ўлимидан сўнг бошланган эди.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби ҳисоботида айтилишича, Эронда қатл чоралари “қўрқинчли даражада” амалга оширилмоқда, биргина жорий йилнинг биринчи етти ойида камида 419 киши қатл этилган. Бу 2022 йилнинг шу даврига нисбатан 30 фоизга кўпдир. 

Маҳса Амини вафоти ва намойишлар

2022 йилнинг 16 сентябрь куни Эронда ахлоқ полицияси томонидан нотўғри ҳижоб кийгани учун ҳибсга олинган 22 ёшли талаба Маҳса Амини вафот этди. Унинг вафотидан сўнг мамлакатда норозилик намойишлари бошланди.

Намойиш сифатида бутун мамлакат бўйлаб аёллар ҳижобни ёқиб, сочларини кесди. Ушбу норозилик дунёнинг бошқа мамлакатларида ҳам акс-садо берди. Намойишчилар кўчаларни тўсиб, хавфсизлик кучларига тош отди, полиция машиналари ва ахлат қутиларига ўт қўйди, ҳукуматга қарши шиорлар айтди.

Амини пойтахтда Эрон ахлоқ полицияси томонидан аёлларнинг сочларини ҳижоб ёки рўмол, қўл ва оёқларини кенг кийим билан ўрашни талаб қилувчи қонунни бузганликда айбланиб ҳибсга олинган эди.

Қўлга олинганидан уч кун ўтгач, Амини вафот этди. Расмийларга кўра, ўлимга “юрак етишмовчилиги” сабаб бўлган. Аммо марҳумнинг қариндошлари қизнинг юрагида ҳеч қачон муаммо бўлмаганини даъво қилмоқда. Улар жабрланувчи калтаклаш оқибатида вафот этган, деб тахмин қилмоқда. БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари вазифасини бажарувчи Нада Ал-Нашиф Амини полиция томонидан калтаклангани ҳақидаги хабарларга ишора қилди.

Америка Қўшма Штатлари ҳибсга олингандан кейин вафот этган эронлик Маҳса Амини ўлими сабабли Эроннинг ахлоқ полициясига қарши санкциялар киритди. Кейинроқ Канада ҳам бир неча ўнлаб Эрон расмийлари, бизнес вакиллари, шунингдек, Эрон ахлоқ полициясига қарши санкциялар жорий этишга қарор қилди.

Эронда унинг ўлимидан сўнг бутун мамлакат бўйлаб мисли кўрилмаган норозилик тўлқини кузатилди. Уч ой ичида митинг ва юришлар 157 та шаҳар ва аҳоли пунктларини қамраб олган.  Уларнинг иштирокчилари демократик ўзгаришларга чақириб, ҳукумат томонидан амалга оширилаётган репрессияларни қоралади ва ҳибсга олинганларни озод қилишни талаб қилди. Сентябрь ўрталаридан бери Эронда жами 18,5 минг киши ҳибсга олинган. Тартибсизликларни бостириш вақтида 507 нафар фаол ва 66 нафар хавфсизлик хизмати ходими ҳалок бўлган.

Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Маҳса Амини ҳақида ёзган мақоласи сабаб Нилуфар Ҳамдий ва Элах Муҳаммадий исмли журналистлар қамоқ жазосига ҳукм қилинганди. Эронлик рэпер Тумаж Солиҳий ҳам ўтган йилги  намойишларда қатнашгани учун қамалганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Эрон намойиш

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг