Эронда минглаб ўқувчи қизлар газдан заҳарлангани айтилмоқда
Олам
−
03 Март 2023
6221Эронда ноябрь ойидан бери минглаб ўқувчи қизлар газдан заҳарлангани айтилмоқда. Эрон Соғлиқни сақлаш вазири сўнгги ойларда турли мактабларда ўқиётган қизлар заҳарли ҳужумга учраганини тасдиқлаган. Баъзи сиёсатчилар эса ҳолат қизларнинг таълим олишига қарши бўлган диний гуруҳлар томонидан уюштирилганини тахмин қилмоқда. Бу ҳақда “Reuters” хабар берди.
Манбага кўра, камида тўртта шаҳардаги 30 дан ортиқ мактабга қилинган заҳарли ҳужумлар ноябрь ойида Эроннинг Қум шаҳрида бошланган ва баъзи ота-оналар фарзандларини мактабдан олиб кетишга мажбур бўлган. Ижтимоий тармоқда касалхонага ётқизилган баъзи ўқувчи қизлар кўнгил айниши, юрак санчишидан азият чекаётгани тасвирланган видеолар тарқалган.
“Ушбу енгил заҳар қаердан келганини текшириш, бу қасддан қилинган ҳаракатми ёки йўқлигини аниқлаш менинг вазирлигим доирасига кирмайди”, деган Соғлиқни сақлаш вазири Баҳрам Эйноллоҳи.
Вазир ўринбосари Юнес Панаҳи эса баъзи одамлар мактабларни, айниқса, қизлар мактабларини ёпишни хоҳлаётгани аниқланганини айтган. Шунингдек, Боружерд шаҳрида 1 та ўғил болалар мактабида заҳарланиш кузатилган.
Бир қатор юқори мартабали уламолар, қонунчилар ва сиёсатчилар ҳукуматни заҳарли ҳужумларни тўхтата олмагани ва уларга қарама-қарши сабаблар кўрсата олмагани учун танқид қилган, баъзилар эса оилалар ўртасидаги умидсизлик кейинги норозиликларни келтириб чиқариши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирган.
“Расмийлар бир-бирига қарама-қарши баёнотлар бермоқда. Бири бу қасддан қилинганлигини айтса, бошқаси хавфсизлик билан боғлиқлигини айтади ва бошқа бир амалдор бунда мактабларнинг иситиш тизимларини айбламоқда. Бундай гаплар одамларда ишончсизликни кучайтиради”, дейди Эрондаги катта уламолардан бири Муҳаммад Жавод.
Дунё ҳамжамияти ҳам вазиятдан хавотирда эканини билдирган. Хусусан, Оқ уйнинг миллий хавфсизлик вакили Жон Кирби мазкур ҳолатдан чуқур ташвишда экани ва дунё бу касалликларга нима сабаб бўлаётганини билиши кераклигини айтган. Германия ташқи ишлар вазири Анналена Бербок ҳам ўқувчи қизлар заҳарланганидан шокда экани, ҳолат тўлиқ текширилиши кераклигини айтган.
Расмий Tеҳрон эса хорижда жойлашган оммавий ахборот воситалари ва “ёлланма гуруҳлар”ни вазиятдан фойдаланиб, психологик уруш олиб боришда ва одамларни ташвишга солаётганликда айблаган.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь