Эронда қўшиқчи ўлимга ҳукм қилинди
Олам
−
20 Январь
27274Эрон суди машҳур қўшиқчи Амир Ҳусайин Мағсудлуни (Таталу номи билан танилган) куфрда айблаб, унга ўлим жазоси тайинлади. Бу ҳақда “Etamed” газетаси хабар берди.
“Олий суд прокурорнинг аввалги беш йиллик қамоқ жазоси ҳақидаги қарорга эътирозини қабул қилди”, дейилади хабарда.
Қайд этилишича, иш қайта кўриб чиқилган ва бу сафар айбланувчига пайғамбарни ҳақорат қилгани учун ўлим жазоси тайинланган. Шунингдек, хабарда ҳукм ҳали якуний эмаслиги ва унга апелляция бериш мумкинлиги айтилган.
Маълумот учун, 37 ёшли хонанда 2018 йилдан бери Туркиянинг Истанбул шаҳрида яшаб келаётган эди. 2023 йил декабрь ойида Туркия полицияси уни Эронга топширган. Шундан бери Таталу Эронда ҳибсда сақланмоқда.
Таталу, шунингдек, фаҳшни тарғиб қилгани учун 10 йиллик қамоқ жазосига ҳам ҳукм қилинган ва Эрон Ислом Республикаси ҳукуматига қарши тарғибот олиб бориш ҳамда ахлоқсиз контент эълон қилишда айбланган.
Татуировкаларга бой қўшиқчи реп, поп ва R&B мусиқасини уйғунлаштирган ижоди билан танилган. Илгари у ёш, эркин фикрловчи эронликларга таъсир ўтказиш мақсади учун консерватив сиёсатчилар орасида машҳур бўлган. Таталу ҳатто 2017 йилда ўта консерватив собиқ Эрон президенти Иброҳим Раисий билан телевизион учрашув ўтказган эди.
Шунингдек, 2015 йилда Таталу Эроннинг ядро дастурини қўллаб-қувватловчи қўшиқни эълон қилган, аммо бу дастур 2018 йилда ўша пайтдаги АҚШ президенти Дональд Трамп даврида барбод бўлган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ 2024 йил Эронда охирги 30 йил ичида энг кўп одам қатл этилгани хабар қилинганди. Ўтган йил давомида ушбу мамлакатда 997 киши қатл этилган. Бу эса 2023 йилга нисбатан 16 фоизга кўпроқ дегани. 2024 йил октябрь ойининг ўзида Эронда 170 киши ўлимга ҳукм қилинган.
LiveБарчаси