Эронда қуролли ҳужум оқибатида 9 киши ҳалок бўлди
Олам
−
27 Январь
6030Эроннинг Сиркан шаҳрида қуролли шахслар томонидан уюштирилган ҳужум оқибатида тўққиз киши ҳалок бўлди. Бу ҳақда манбаларига таяниб, “Mehr” агентлиги хабар берди.
Қайд этилишича, бугун, 27 январь куни эрталаб номаълум шахслар қуролсиз шаҳар аҳолисига қарата ўт очган. Агентликнинг қайд этишича, ҳужум қурбонлари эронликлар эмас. Эроннинг чегара ҳудудларида фаолият юритаётган ҳеч бир гуруҳ ҳужум учун жавобгарликни ўз зиммасига олмади.
Маълумот учун, ҳужум бўлган Сиркан шаҳри Эрон-Покистон чегараси яқинидаги Систон ва Балужистон вилоятида жойлашган.
Эслатиб ўтамиз, 16 январь куни Эрон қуролли кучлари Покистондаги “Жайш аз-Адл” террорчилик гуруҳининг иккита қароргоҳига зарба берганди. Операция давомида дрон ва ракеталардан фойдаланилди. Покистон Ташқи ишлар вазирлиги зарбани қоралаб, уни жиддий оқибатларга олиб келиши мумкин бўлган ҳаво ҳудудининг бузилиши деб атади. Ҳужум оқибатида икки бола ҳалок бўлган.
18 январь куни Покистон Эроннинг Систон ва Балужистон вилоятининг бир қанча ҳудудларига зарбалар берди. Покистон ТИВ ҳам зарбалардан кўзланган мақсад “террорчиларнинг бошпаналари”ни йўқ қилиш эканини билдирди. Ҳужум оқибатида 10 киши ҳалок бўлди.
Кейинчалик, Покистон Ташқи ишлар вазири Жалил Аббос Жилоний Эрон Ташқи ишлар вазири Ҳусайн Амир Абдуллоҳиён билан икки мамлакат ўртасидаги вазиятни юмшатишга келишиб олгани айтилди.
LiveБарчаси