Эронда эрини ўлдирган аёл қатл этилди
Олам
−
21 Декабрь 2023
10856Эронда 29 ёшли Самира Сабзиан исмли аёл қатл этилди. Бу ҳақда Эрон инсон ҳуқуқлари ташкилоти Iran Human Rights маълум қилди.
Аёл турмуш ўртоғини ўлдирганликда айбланиб, ўлимга ҳукм қилинган. Аёлнинг қариндошларига кўра, эри уни мунтазам равишда ҳақорат қилган.
Iran Human Rights маълумотларига кўра, Самира Сабзиан 15 ёшида турмушга чиққан. 19 ёшида у эрини ўлдиришда айбланиб ҳибсга олинган ва дарҳол ўлимга ҳукм қилинган, аммо ҳукмни ижро этиш кейинга қолдирилган.
Сабзиан ўн йилини қамоқда ўтказган. Ҳибсга олинганида Самира Сабзианнинг икки фарзанди бор эди, улардан бири ҳали гўдак бўлган.
Ўн йиллик қамоқхонада аёлга фарзандлари билан фақат бир марта кўришишга рухсат берилган – ўлим жазоси амалга оширилишидан бироз олдин.
Эроннинг Инсон ҳуқуқлари бўйича ташкилоти ҳисоботига кўра, 2022 йилда мамлакатда камида 582 киши қатл этилган, бу 2021 йилга нисбатан 75 фоизга кўп.
Ташкилот 2023 йил сентябрь ойи охирида камида 499 нафар Эрон аҳолиси, жумладан, 13 нафар аёл қатл этилганини маълум қилган. Ташкилотнинг қайд этишича, Самира Сабзиан 2023 йилда Эрон ҳукумати томонидан қатл этилган 18-аёл бўлди.
LiveБарчаси