Эронда давлатга хиёнатда айбланган уч киши қатл этилди

Олам

image

Эронда 22 ёшли аёл Маҳса Амини ўлимидан сўнг мамлакатни қамраб олган норозилик намойишлари чоғида бир полициячини ўлдиришда айбдор деб топилган уч кишига нисбатан ўлим ҳукми ижро этилди. Бу ҳақда IRNA нашри хабар берди

Маълум қилинишича, Солиҳ Мирҳошимий, Мажид Казими ва Саид Ёқубий “давлат ҳокимиятига қарши жиноят” моддаси бўйича айбдор деб топилган. Эрон суд ҳокимиятига кўра, қатл этилганлар тақиқланган Эрон халқи мужоҳидлари ташкилоти аъзолари бўлган.

“Associated press” хабарига кўра, инсон ҳуқуқлари ташкилотлари маҳкумларнинг иқрорлари қийноқлар остида олинганини даъво қилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, Эрон ҳукумати ўтган 2022 йилда 582 кишини қатл қилган, бу эса 2021 йилга нисбатан 75 фоизга кўп ҳисобланади. Қатл қилинганларнинг аксарияти Эронда 2022 йил сентябрь ойида бошланган оммавий норозилик намойишларида қатнашган. Намойишларга полиция ҳибсхонасида ҳалок бўлган 22 ёшли этник курд Жина Маҳса Аминининг ўлими сабаб бўлган эди.

Маҳса Амини вафоти ва намойишлар

2022 йилнинг 16 сентябрь куни Эронда ахлоқ полицияси томонидан нотўғри ҳижоб кийгани учун ҳибсга олинган 22 ёшли талаба Маҳса Амини вафот этди. Унинг вафотидан сўнг мамлакатда норозилик намойишлари бошланди.

Намойиш сифатида бутун мамлакат бўйлаб аёллар ҳижобни ёқиб, сочларини кесди. Ушбу норозилик дунёнинг бошқа мамлакатларида ҳам акс-садо берди. Намойишчилар кўчаларни тўсиб, хавфсизлик кучларига тош отди, полиция машиналари ва ахлат қутиларига ўт қўйди, ҳукуматга қарши шиорлар айтди.

Амини пойтахтда Эрон ахлоқ полицияси томонидан аёлларнинг сочларини ҳижоб ёки рўмол, қўл ва оёқларини кенг кийим билан ўрашни талаб қилувчи қонунни бузганликда айбланиб ҳибсга олинган эди. 

Қўлга олинганидан уч кун ўтгач, Амини вафот этди. Расмийларга кўра, ўлимга “юрак етишмовчилиги” сабаб бўлган. Аммо марҳумнинг қариндошлари қизнинг юрагида ҳеч қачон муаммо бўлмаганини даъво қилган. Улар жабрланувчини калтаклаш оқибатида вафот этган, деб тахмин қилган. БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари вазифасини бажарувчи Нада Ал-Нашиф Амини полиция томонидан калтаклангани ҳақидаги хабарларга ишора қилди.

Америка Қўшма Штатлари ҳибсга олингандан кейин вафот этган эронлик Маҳса Амини ўлими сабабли Эроннинг ахлоқ полициясига қарши санкциялар киритди. Кейинроқ Канада ҳам бир неча ўнлаб Эрон расмийлари, бизнес вакиллари, шунингдек, Эрон ахлоқ полициясига қарши санкциялар жорий этишга қарор қилди.


Мақола муаллифи

Теглар

Эрон қатл Маҳса Амини

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг