Эронда 48 киши қалбаки алкоголь ичиб вафот этди
Олам
−
14 Октябрь
3941Эроннинг тўрт вилоятида сўнгги пайтларда метил спиртидан тайёрланган қалбаки алкоголь истеъмол қилганлар орасида вафот этганлар ва жиддий заҳарланганлар сони ортмоқда. Қалбаки ичимликлар ишлаб чиқаришга алоқадор гумонланувчилар қўлга олинган, аммо ўта хавфли ичимликлар ҳали ҳам Эрон бозорида мавжуд. Бу ҳақда “Hamshahri” хабар берди.
Нашрга кўра, мамлакат ҳудудидаги тўрт вилоятда метил спиртидан тайёрланган алкоголь маҳсулотларини истеъмол қилиш оқибатида ҳалок бўлганлар ва кўриш қобилиятидан маҳрум бўлганлар сони ошмоқда. Ҳозирги кунга келиб, 48 киши ҳалок бўлгани маълум. Уларнинг яримидан кўпи Мазондарон вилоятида, қолганлари Гилан, Занжан ва Ҳамадан вилоятларида. Тўрт вилоят бўйлаб юзлаб одамлар заҳарланиш билан шифохонага ётқизилган, уларнинг бир қисми кўз нуридан маҳрум бўлган.
Ҳалок бўлганлар ва жабрланганлар қайси ичимликни истеъмол қилгани ва қайси фирма томонидан ишлаб чиқарилгани ҳақида маълумот йўқ. Сохта маҳсулотларни тайёрлаш ва тарқатиш билан боғлиқ гумонланувчилар қўлга олинган бўлса-да, ҳукумат ҳали ҳам ўта хавфли сохта маҳсулотларни бозордан тизимли равишда чиқариб ташлаёлмаяпти.
Маълумот учун, метил спирти ўта кучли заҳар ҳисобланади, чунки унинг овқат ҳазм қилиш тизимида парчаланиши оқибатида формальдегид (заҳарли газ) ҳосил бўлади. Сохта алкоголь ишлаб чиқарувчилар қўлидан метил спирти истеъмол қилган қурбонлар кўпинча уни жуда катта миқдорда ичади ва бу ўлимга олиб келади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкент вилояти Паркент туманидаги заводда ишлаб чиқарилган 1,1 млрд сўмлик қалбаки алкоголь маҳсулотларини муомалага киритилишининг олди олинган эди.