Эрон Ҳинд океанида 8 мамлакат билан ҳарбий машғулот бошлади
Олам
−
19 Октябрь
11457Ҳинд океани денгиз симпозиуми (IONS) доирасидаги “IMEX 2024” қўшма денгиз машқлари Форс кўрфазидаги Эрон ҳудудий сувларида бошланди ва унда бир қатор давлатларнинг турли бўлинмалари ҳамда кузатувчилари иштирок этмоқда. Бу ҳақда “Press TV” хабар берди.
Қўшма денгиз машқлари матбуот котиби, контр-адмирал Мустафо Тожиддинийнинг маълум қилишича, машқларда Эрон Ислом Республикаси Денгиз флоти, Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси денгиз кучлари, Эрон қонунчилик ҳимояси қўмондонлиги ва Эрон портлари ҳамда денгиз ташкилоти иштирок этмоқда. Машқлар бугун, 19 октябрь куни Эрон денгиз флоти биринчи денгиз ҳудудида – жанубий порт шаҳри Бандар Аббосда бошланган.
Тожиддинийнинг қўшимча қилишича, Бангладеш, Ҳиндистон, Уммон, Покистон, Қатар, Россия, Саудия Арабистони ва Таиланд каби бир неча хорижий давлатларнинг денгиз кучлари ўзларининг эронлик ҳамкасблари билан биргаликда машқларда қатнашмоқда.
Бундан ташқари, “IMEX 2024” қўшма денгиз машқлари доирасида ихтисослаштирилган учрашувлар ва семинарлар ўтказилади. Машқларда ёнғин назорати, қидирув ва қутқарув операциялари, шунингдек, нефть маҳсулотларининг оқиб кетишини бартараф этиш ва тозалаш методларини кўрсатиб бериш режалаштирилган.
Ҳинд океани денгиз симпозиуми 2008 йилда Ҳиндистон денгиз флоти ташаббуси билан ташкил этилган бўлиб, ноанъанавий ва уюшган хавфсизлик муаммоларига қарши курашишда ҳамкорликни ошириш мақсадини кўзлайди.
Маълумот учун, IONS 24 та Ҳинд океанига чегарадош давлатларни қамраб олади ва ҳар икки йилда кўп томонлама учрашувлар ҳамда денгиз машқларини ташкил этади. Мазкур ташаббус денгиз хавфсизлиги бўйича ҳамкорликни ошириш, минтақавий денгиз муаммоларини муҳокама қилиш ва дўстлик муносабатларини тарғиб қилиш учун форум сифатида хизмат қилади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Литванинг Беларусь билан чегараси яқинида жойлашган Пабраде шаҳридаги генерал Сильвестрас Жукаускас номидаги полигонда Самогития пиёдалар бригадаси томонидан ташкил этилган Brave Griffin 2024/2 халқаро ҳарбий машғулотлари бошланиши хабар қилинган эди. Ушбу машғулотларга АҚШ, Буюк Британия ва Польшадан 2,5 мингдан ортиқ ҳарбий хизматчилар ҳамда 250 та техника жалб этилиши белгиланган.
LiveБарчаси