Эрон ЖАРнинг Исроилга қарши даъвосига қўшилмоқчи
Олам
−
17 Январь
5538Эрон Жанубий Африканинг Исроилга қарши Халқаро судда кўриб чиқилаётган жараёнда учинчи томон сифатида иштирок этиш учун ҳужжат тайёрламоқда. Бу ҳақда Республиканинг ҳуқуқий масалалар бўйича вице-президенти Муҳаммад Деҳқон Вазирлар Маҳкамаси йиғилиши олдидан маълум қилди.
“Жанубий Африка шикоят қилган заҳоти биз комиссия туздик ва тез орада сионистик режим (Исроил) устидан учинчи шахс сифатида Халқаро cудга шикоят қиламиз”, дейди у.
Унинг қўшимча қилишича, Жанубий Африканинг бу даъвоси Геноцид жиноятининг олдини олиш тўғрисидаги 1948 йилги Конвенцияга мувофиқ киритилган ва Эрон Конвенциянинг 9-моддасини инобатга олган ҳолда, ўз-ўзидан шикоят қилмаган, чунки бу Исроилни давлат сифати тан олишни англатади.
Қайд этиш жоизки, Германия ҳам Халқаро суд кўриб чиқаётган бу ишда учинчи томон сифатида иштирок этиш ниятида эканини маълум қилган. Бангладеш ва Иордания ҳам бундай таклифни илгари сурмоқда.
Халқаро cуд статутининг 63-моддасига кўра, кўп томонлама шартноманинг иштирокчиси бўлган ҳар қандай мамлакат ушбу ҳужжатнинг талқини билан боғлиқ низога аралашиши мумкин.
Бундан ташқари, Эрон генерал Қосим Сулаймонийнинг ўлдирилишига алоқадор барча шахсларни жавобгарликка тортиш ниятида ва Халқаро судда АҚШга қарши даъво тайёрламоқда. Вице-президентнинг сўзларига кўра, даъво апрель ойида очилади, бу ҳақда Теҳрон аллақачон Вашингтонни огоҳлантирган.
Маълумот учун, Гаагадаги Халқаро судга даъво Жанубий Африка ҳукумати томонидан Исроил томони “Геноцид жиноятининг олдини олиш ва жазолаш тўғрисидаги конвенция”ни бузиши мумкинлиги муносабати билан берилган. Ҳужжатда таъкидланишича, Исроилнинг Ғазо секторидаги ҳаракатлари геноцид сифатида тавсифланиши мумкин, чунки "Ғазодаги фаластинликларни кенгроқ Фаластин миллий, ирқий ва этник гуруҳининг бир қисми сифатида йўқ қилиш" аниқ мақсадда амалга оширилмоқда. Даъво доирасида Жанубий Африка томони суддан Исроил конвенция бўйича ўз мажбуриятларини бузаётгани ва Ғазо секторидаги барча ҳарбий ҳаракатларни тўхтатиши, шунингдек, товон пули тўлаши кераклиги ҳақида ҳукм чиқаришини сўрамоқда.
LiveБарчаси