Эрон яна огоҳлантирди. Энди АҚШга қарши фронт очмоқчи
Олам
−
28 Октябрь 2023
28504Эрон Ташқи ишлар вазири Ҳусайн Амир Абдуллоҳиён Вашингтоннинг Исроилни тўлиқ қўллаб-қувватлаши АҚШга қарши янги фронтлар очилишига олиб келиши мумкинлигини айтди. Бу ҳақда у кеча, 27 октябрь куни “Bloomberg” агентлигига берган интервьюсида айтиб ўтди.
"Қўшма Штатлар бошқаларга вазмин бўлишни маслаҳат беради, бироқ уларнинг ўзлари Исроилни ҳар томонлама қўллаб-қувватламоқда. Агар АҚШ қилган ишини давом эттирса, унга қарши янги фронтлар очилади”, деган Эрон ТИВ раҳбари.
Вазирнинг таъкидлашича, можаронинг кучайиши Ғазо сектори аҳолисининг ўлимига олиб келади ва бунинг оқибатида бутун минтақада вазият назоратдан чиқиб кетиши мумкин.
"Америка томони ҳақиқатан ҳам урушнинг авж олиши ва ёмонлашишини хоҳлаяптими ёки йўқлигини ҳал қилиши керак. Янги фронтларнинг очилиши муқаррар ва бу Исроилни қилган ҳаракатларидан пушаймон бўлишига олиб келади", дейди Эрон Ташқи ишлар вазири.
Унинг айтишича, вазият портлаш ёқасида турибди. У ҳамма нарса бўлиши мумкинлиги, ҳар қандай фронт очилиши мумкинлигини истисно этмади.
"Биз Сурияга ёки минтақанинг бошқа қисмларига янги қўшинлар юборганимиз йўқ. Лекин биз шунчаки нима бўлаётганини кузатмаймиз. Эрон ўз миллий манфаатларидан келиб чиққан ҳолда ҳаракат қилади", дея хулоса қилади Абдуллоҳиён.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Амир Абдуллоҳиён БМТ Бош Ассамблеясининг навбатдан ташқари сессиясида Ғазодаги қотилликлар давом этса, унинг алангаси бошқаларни ҳам куйдиришидан огоҳлантирганди. Кейинчалик Пентагон раҳбари Ллойд Остин АҚШ қуролли кучлари Президент Жо Байденнинг буйруғига биноан Суриядаги Эронга тегишли иккита ҳарбий омборга зарба берганини маълум қилди.
LiveБарчаси