Эрон WhatsApp ва Google Play’ни блокдан чиқарди
Олам
−
10:37
632Эронда WhatsApp ва Google Play иловаларидан фойдаланишга қўйилган тақиқ бекор қилинди. Бу ҳақда IRNA агентлиги хабар берди.
Агентлик маълумотига кўра, Эрон кибермакон Олий кенгаши аъзолари бир овоздан WhatsApp ва Google Play каби машҳур хорижий платформаларга киришга қўйилган чекловларни олиб ташлаш учун овоз берган. Мажлисда блоклаш сиёсатини қайта кўриб чиқиш масаласи кўтарилган ва турли идораларнинг фикрлари муҳокама қилинганидан сўнг мазкур қарор қабул қилинган.
Шунингдек, кенгаш аъзолари маҳаллий платформаларни қўллаб-қувватлаш зарурлигини таъкидлаганлар.
Маълумот учун, 2022 йил сентябрь ойида ҳижобни нотўғри кийганликда айбланиб, ахлоқ полицияси томонидан ҳибсга олинган 22 ёшли Маҳса Аминининг ўлими ортидан мамлакатда норозилик намойишлари бошланганидан кейин Эронда мессенжер ва иловалар блокланган эди. Шу билан бирга, Instagram ҳам блокланган. 2014 йилда эса Эрон Бош прокуратураси WhatsApp ва Viber'га киришни блоклашни талаб қилган эди.
Шундай қилиб, Эронда Facebook, Х ва YouTube блокланган. Бу уч платформа мамлакатда 2009 йилда тақиқланган эди. Шунингдек, TikTok ва Telegram ҳам Эронда тақиқланган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Эронда миллий валюта янгиланиши ҳақида хабар берилганди. Эрон Президенти Масъуд Пезешкиён парламентга миллий валютани янгилаш, яъни кескин қадрсизланаётган Эрон риёли ўрнига туман валютасига ўтиш бўйича қонун лойиҳасини тақдим этди.
Моҳимбегим Маъруфалиева