Эрон ва АҚШ яна ҳужумларни тўхтатишга келишди – ОАВ
Олам
−
29 июн 1893 2 дақиқа
АҚШ ва Эрон Форс кўрфазидаги сўнгги ҳарбий ҳаракатларни тўхтатиш ҳамда Ҳормуз бўғози юзасидан юзага келган келишмовчиликларни муҳокама қилиш учун музокараларни қайта бошлашга келишиб олди. Бу ҳақда кеча, 29 июнь куни АҚШ расмийсига таяниб, “Reuters” хабар қилди.
Манбанинг айтишича, томонлар 17 июнь куни имзоланган 14 банддан иборат англашув меморандуми доирасида техник музокараларни давом эттиради.
“Англашув меморандумининг барча бандлари бўйича техник музокаралар давом этади. Ҳозирча ҳар икки томон ҳарбий ҳаракатларни тўхтатади ва кемалар эркин ҳаракатланиши мумкин бўлади”, деган АҚШ расмийси.
Дипломатик мулоқотларнинг қайта тикланиши Ҳормуз бўғозида юк кемасига Эрон снаряди тегганидан кейин бошланган бир неча кунлик ўзаро зарбалар ортидан амалга ошмоқда. Бу воқеадан кейин АҚШ ҳам, Эрон ҳам бир-бирини 17 июнда эришилган вақтинчалик ўт очишни тўхтатиш келишувини бузганликда айблаган.
29 июнь куни эрталаб Эрон Қувайт ва Баҳрайндаги АҚШ ҳарбий объектларига ракета ва дронлар билан ҳужум қилган. Бу ҳужумлар АҚШ Президенти Дональд Трамп Эрон келишувга амал қилмаса, Ислом Республикаси “мавжуд бўлмай қолиши” ҳақида огоҳлантирганидан кўп ўтмай содир бўлганди.
“Шундай пайт келиши мумкинки, биз энди оқилона йўл тута олмаймиз ва жуда муваффақиятли бошлаган ишимизни ҳарбий йўл билан якунлашга мажбур бўламиз. Агар шундай бўлса, Эрон Ислом Республикаси энди мавжуд бўлмайди”, деб ёзган у.
Шу билан бир вақтда Исроил Ливан жанубида “Ҳизбуллоҳ” гуруҳига тегишли ерости инфратузилмасини яна нишонга олганини маълум қилганди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШ ҳарбийлари Ҳормуз бўғозида нефть ташувчи танкерга ҳужум қилинганидан бир неча соат ўтиб Эрон ҳудудига яна зарба берганини маълум қилган эди.
Live
Барчаси