Эрон Ўртаер денгизидаги АҚШ кемаларини осон нишон деб билади – ТИВ раҳбари
Олам
−
17 Ноябрь 2023
6782Эрон ҳарбийлари Фаластин-Исроил можароси авж олиши фонида Ўртаер денгизига жойлаштирилган АҚШ ҳарбий-денгиз кучлари кемаларини эҳтимолий ҳужумларга қарши ҳимоясиз деб билади. Бу ҳақда Эрон Ташқи ишлар вазири Ҳусайн Амир Абдуллоҳиён Британиянинг “Financial Times” нашрига берган интервьюсида айтиб ўтди.
“Ҳарбий амалдорларимиз Америка самолёт ташувчиларининг минтақамиз яқинида жойлаштирилишини Қўшма Штатларнинг ҳимоясини кучайтирмайди, балки уларни осон нишонларга айлантиради, деган фикрда. Бу уларни мумкин бўлган ҳужумларга нисбатан заифроқ қилади”, деган вазир.
Абдуллоҳиённинг айтишича, Вашингтон Теҳронга “Ҳизбуллоҳ” Исроилга қарши кенг кўламли ҳужум уюштирса, эҳтимолий зарба бериш билан таҳдид қилмаган. Эрон Ташқи ишлар вазири Қўшма Штатларни Теҳронни "босиқлик"ка чақириб, ўзи Исроилни қўллаб-қувватлашда давом этаётганини киноя қилган.
“Бу вазиятнинг кескинлашувига олиб келади. Уруш аллақачон минтақага тарқалди. Яман армиясининг босиб олинган ҳудудларга ракета ва учувчисиз самолётлар билан ҳужум қилиши урушнинг авж ола бошлаганини англатади. “Ҳизбуллоҳ”нинг Исроил учинчи армиясига қарши курашаётгани уруш аллақачон кенгайиб кетганини кўрсатади”, дейди вазир.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Вашингтон Яқин Шарққа F-16 қирувчи-бомбардимончи самолётлари эскадронини жойлаштирган эди. Иккита ташувчи зарба гуруҳи Ўртаер денгизининг шарқий қисмига юборилди. Америка маъмурияти Теҳрон ва унга алоқадор қуролли гуруҳларни Исроилга қарши босқинчилик ҳаракатларидан огоҳлантирди. Фаластин-Исроил можароси кучайиб бораётган бир пайтда Сурия ва Ироқдаги АҚШ ҳарбий базалари ракета ва учувчисиз самолётлардан ҳужумга учраган. Пентагон 17 октябрдан буён бундай ҳужумлар сони 58 тага етганини маълум қилди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь