Эрон ТИВ раҳбари Москвада. У Лавровга нималар деди?

Олам

image

Аввал хабар берганимиздек, кеча, 28 март куни Эрон Ташқи ишлар вазири Ҳусайн Амир Абдуллаҳиён Теҳрондан Москвага учиб кетганди. Бугун, 29 март куни у Россия Ташқи ишар вазири Сергей Лавров билан учрашди. Бу ҳақда Эрон ташқи ишлар вазирлигининг Telegram каналида хабар берилди.

Қайд этилишича, музокараларда икки томонлама муносабатлар билан бирга томонларни қизиқтирган минтақавий ва халқаро кун тартибидаги қатор масалалар муҳокама қилинган. Хусусан, Кавказ минтақасидаги кескинликни “3+3” формати доирасида ҳал қилиш ҳақида сўз борган. Бу формат Жанубий Кавказнинг учта давлати (Озарбайжон, Арманистон ва Грузия) ва минтақанинг энг яқин учта қўшниси (Россия, Эрон ва Туркия) иштирокини назарда тутади.

“Албатта, биз “3+3” механизми орқали, шунингдек, мавжуд бошқа механизмлар орқали куч ишлатмасдан бу минтақадаги муаммоларни ҳал қилишимиз керак”, деган Абдуллаҳиён Лавров билан музокаралар якунлари бўйича ўтказилган матбуот анжуманида.

Шунингдек, учрашувда Украинадаги вазият юзасидан ҳам фикр алмашилган. Унда Эрон вакили ўз давлати президент ва ТИВ даражасида Украинада тинчлик ўрнатишга қаратилган саъй-ҳаракатларни давом эттиришга тайёр эканини билдирган. Бундан ташқари, у Ғарб Киевга қурол етказиб бериш орқали Украинадаги вазиятни мураккаблаштираётганини таъкидлаган.

Музокаралардан сўнг Москвада келаси ҳафтада Россия, Туркия, Эрон ва Сурия вакилларининг вазир ўринбосарлари даражасидаги учрашуви бўлиши маълум қилинган.
Шунингдек, Эрон Ташқи ишлар вазири россиялик мавқедоши Сергей Лавров билан Теҳронда учрашишга умид билдирган.  

“Умид қиламанки, яқин келажакда Теҳронда ҳамкасбимни қабул қила оламан ва биз у ерда якуний ҳужжатни имзолай оламиз”, деган у музокаралар якунлари бўйича ўтказилган матбуот анжуманида..


Мақола муаллифи

Теглар

Россия Эрон Москва Сергей Лавров

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг