Эрон разведкаси 20 га яқин давлатни 2022 йилги норозилик намойишларини уюштирганликда айблади
Олам
−
20 Июнь 2023
7477Эрон Қуролли кучларининг элита бўлинмаси ҳисобланадиган Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси (ИИҚК)нинг разведка хизматлари мамлакатда 2022 йил кузида норозилик намойишлари ташкил этилиши ортида 20 га яқин давлат махсус хизматлари турганига ишонч билдирмоқда. Бу ҳақда кеча, 19 июнь куни ИИҚК разведка бошқармаси бошлиғи Муҳаммад Каземи баёнот берди.
“ИИҚК разведка ташкилотлари томонидан олиб борилган текширувлар 1401 йилда (2022 йил кузида) мамлакатни қамраб олган тартибсизликларда деярли 20 давлат махсус хизматлари иштирок этганини кўрсатмоқда. Ушбу соҳада фаол ишлаган давлатлар орасида АҚШ, Буюк Британия, Бирлашган Араб Амирликлари, Саудия Арабистони, Франция, Германия, Канада, Бельгия, Австрия, Албания, Австралия, Исландия, Италия, (тан олинмаган) Косово, Норвегия, Баҳрайн, Янги Зеландия ва сионистик режим (Исроил) каби давлатларни алоҳида таъкидлаш жоиз”, дейилади баёнотда.
Шунингдек, Каземи Франция элчихонаси ходимлари Эрон ҳудуди бўйлаб намойишлар ва хавфсизлик кучларининг жойлашуви ҳақида тезкор маълумот тўплаш мақсадида бу маълумотларни “Европанинг бошқа давлати” разведка хизматлари билан алмашишганини таъкидлаган. Бундан ташқари, Каземининг қайд этишича, тилга олинган давлатлар турли Ғарб давлатлари фуқаролари билан бир қаторда Афғонистон, Покистон ва Ироқ фуқароларидан ҳам маълумот тўплаш учун фойдаланган. Мазкур айбловлар асосида Эронга “қўшни давлатлардан бири”нинг 40 нафар фуқароси, шунингдек, Германия фуқароси ҳамда Франция ва Ирландиянинг икки фуқаролигига эга бўлган шахс қўлга олинган.
ИИҚК разведка хизмати раҳбари, шунингдек, БАА ва Исроил разведкаси вакиллари маълум бир араб давлати ҳудудида вақти-вақти билан учрашиб, Эрондаги норозилик намойишларини қўллаб-қувватлаш масаласини муҳокама қилганини ҳам таъкидлаган. Қайд этилган давлатлар расмийлари бу айбловларга ҳозирча изоҳ бермаган.
Эронда норозилик намойишлари
Эронда оммавий норозилик намойишлари 2022 йил 16 сентябрда 22 ёшли Маҳса Амини дафн маросимидан кейин бошланган. Расмий версияга кўра, полиция Аминини нотўғри рўмол кийгани учун ҳибсга олган ва сўроқ пайтида у юрак хуружига учраган ва вафот этган. Бироқ ижтимоий тармоқларда Амини полиция томонидан калтаклангани ҳақида маълумот тарқалди. 7 октябрь куни Эрон суд-тиббиёт экспертизаси ташкилоти қизнинг ўлими сабаблари бўйича расмий ҳисобот эълон қилиб, у жароҳат олмаганини билдирган, бироқ бу версия намойишчиларга ишонарли кўринмаган.
Саудия Арабистонининг “Ash-Sharq al-Awsat” газетасига кўра, митинг ва юришлар бир неча ой ичида Эроннинг 157 та шаҳар ва қишлоқларини қамраб олган. Уларнинг иштирокчилари демократик ўзгаришларга чақириб, ҳукумат томонидан амалга оширилаётган репрессияларни қоралаган ва ҳибсга олинганларни озод қилишни талаб қилган.
Шу пайтгача Эрон расмийлари Буюк Британия, Исроил, Саудия Арабистони ва АҚШ махсус хизматлари томонидан тартибсизликларни уюштиришга алоқадорликда айблаб келган.
LiveБарчаси