Эрон Президенти Озарбайжонга борди (видео)

Олам

image

Бугун, 28 апрель куни Эрон Президенти Масъуд Пезешкиён Эрон ва Озарбайжон ўртасидаги икки томонлама алоқаларни мустаҳкамлаш мақсадида Баку шаҳрига ташриф буюрди. Бу ҳақда “PressTV” хабар берди.

Телеканалга кўра, Пезешкиён бугун эрталаб Бокуга етиб бориб, Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев билан музокаралар ўтказган. Тантанали маросимда икки Президент 7 та ҳамкорлик ҳужжатига имзо чеккан. Эрон Президенти Бакудаги ташрифи ўзаро муносабатларни мустаҳкамлашга қаратилганини таъкидлаган.

“У имзоланган битимлар икки мамлакатнинг алоқаларни ривожлантириш борасида янада катта қадамлар ташлашига ёрдам беришига умид билдирди ва минтақада алоқаларнинг муносиб намунаси шаклланишига замин яратишига умид қилди”, дейилади хабарда.

Шунингдек, Пезешкиён Эрон ва Озарбайжон халқлари ўртасидаги тарихий ва маданий ришталар минтақавий ҳамкорликни ривожлантириш йўлини очишини қўшимча қилган ва Эрон Олий раҳнамоси Оятуллоҳ Али Хоманаийнинг саломини Озарбайжон Президентига етказган.

“У Эрон делегациясининг Бокудаги иштироки икки мамлакатнинг алоқаларни мустаҳкамлаш, бирлик ва уйғунликни ошириш борасидаги қатъий ирода ва ниятидан дарак беришини таъкидлади”, дейилади хабарда.

Ўз навбатида, Алиев учрашувда иштирокчилар турли масалаларни муҳокама қилганини ва икки мамлакат манфаатларига хизмат қиладиган муносабатларни кенгайтириш заруратини таъкидлаганини билдирган.

Эслатиб ўтамиз, январ ойида Масъуд Пезешкиён Теҳрондаги Меҳробод аэропортида Тожикистонга жўнаб кетиш олдидан қилган нутқида қўшни давлатлар билан муносабатларни ривожлантириш ва мустаҳкамлаш ўз маъмуриятининг устувор йўналишларидан бири экани ва бу масала ушбу ҳукуматда шиддат билан амалга оширилишини айтганди.

Шундан сўнг, 15 январь куни у давлат ташрифи билан илк бор Тожикистонга келди. Душанбе халқаро аэропортида уни Тожикистон Президенти Имомали Раҳмоннинг шахсан ўзи кутиб олди ва юксак ҳурмат белгиси сифатида олий мартабали меҳмонни мамлакатга илк ташрифи билан самимий қутлади.

Орадан 2 куни ўтиб, 17 январ куни Пезешкиён Россияга ҳам бориб, Кремлда Россия Президенти Владимир Путин билан музокаралар ўтказди. Учрашувда Россия томонидан Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров, Бош вазир ўринбосари, Президентнинг “Шимол-Жануб” халқаро ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш бўйича махсус вакили Виталий Савельев, Президент ёрдамчиси Юрий Ушаков, Россиянинг Эрондаги элчиси Алексей Дедов ҳамда Россиянинг Энергетика вазири, Савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича Россия-Эрон доимий комиссияси ҳамраиси Сергей Цивилев иштирок этган.


Мақола муаллифи

Теглар

Эрон Озарбайжон Илҳом Алиев Масъуд Пезешкиён

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг