Эрон Президенти мажбурий ҳижоб тўғрисидаги қонунга вето қўйди

Олам

image

Эрон Президенти Масъуд Пезешкиён мажбурий ҳижоб тўғрисидаги қонунга қарши чиқди. Бу ҳақда “Bild” нашри хабар берди.

Қайд этилишича, Эрон ҳукумати аввалроқ Пезешкиённинг сайловолди ваъдаларига зид равишда “Иффат ва ҳижоб тўғрисида”ги қонун лойиҳасини ишлаб чиққан. Унга кўра, давлат эндиликда исломий кийиниш қоидаларини бузганларни янада қаттиқроқ жазолайди. Янги қоидалар нафақат сочларни кўрсатишни тақиқлайди, балки, бўйин, билаклар ёки тўпиқларни беркитиш мажбуриятини ҳам юклайди.

Бироқ Эрон Президенти Масъуд Пезешкиён ушбу қонун янги ижтимоий ғалаёнларни келтириб чиқариши мумкинлигидан хавотирланиб, унга вето қўйди.

Эроннинг “Hamshahri” нашрининг хабар беришича, Президент масалани Эрондаги асосий қарорларни қабул қилувчи Олий миллий хавфсизлик кенгашига ҳавола этган. Бу қадам қонуннинг қисман бекор қилинишига олиб келиши мумкин. Янги қонунчилик айниқса таниқли шахслар учун қаттиқ чораларни, жумладан, катта жарималар, чет элга чиқишни тақиқлаш ва мол-мулкни мусодара қилишни назарда тутади.

Яқинда эронлик мусиқачи Парасту Аҳмадийнинг ҳижобсиз чиқиш қилгани ва бу видеони YouTube’да эълон қилгани жамоатчилик эътиборини тортди. У гуруҳ аъзолари билан бирга “ислом меъёрларини бузгани” учун ҳибсга олинган, аммо тез орада озод этилган.

Жамоатчилик босими ва ҳукуматдаги келишмовчиликлар туфайли қонуннинг қабул қилиниши вақтинча тўхтатилди. Жазо таҳдидларига қарамай, Эроннинг йирик шаҳарларида кўплаб аёллар мажбурий ҳижоб ўрашга қарши очиқчасига норозилик билдирмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Сурияда қуролли мухолифат қўмондонлиги аёллар учун мажбурий ҳижобни тақиқлаб, уларнинг эркин кийиниш ҳуқуқини эълон қилганди. Бундан ташқари, янги ҳокимият вакиллари аёлларнинг ташқи кўриниши билан боғлиқ эътирозларни билдириш мумкин эмаслигини белгилаб қўйган.


Мақола муаллифи

Теглар

Президент Эрон

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг