Эрон Покистонни газ қувури қурилишини кечиктираётгани учун судга бермоқчи – ОАВ

Олам

image
0:00
0:00
download

Эрон ҳукумати қўшни давлатларни боғловчи газ қувури қурилишини кечиктиргани учун Покистонга қарши халқаро судга 18 миллиард долларлик даъво қўзғатишга тайёрлигини маълум қилди. Бу ҳақда “Daily Pakistan” хабар берди.

“Теҳрон январь ойида Исломободга ултиматум қўйди, агар қувурнинг Покистондаги қисми 2024 йилнинг февраль-мартигача қурилмаса, даъво дарҳол судга юборилади”, дейилади хабарда. 

Покистоннинг Interstate Gas Systems ва Эроннинг Iranian Gas Company компаниялари ўртасида газ қувурини қуриш бўйича шартнома 2009 йилда имзоланган эди. Унинг шартларига кўра, Покистон газ қувурининг 800 км узунликдаги қисмини қуришга ваъда берган, бироқ унинг қурилиши 14 йилдирки чўзилмоқда.

Эроннинг Покистон билан чегарасигача бўлган қисми аллақачон қурилган ва фойдаланишга топшириш учун тайёр.

Покистон ҳукумати аввалроқ Эронни АҚШ босими ва Эронга қарши халқаро санкциялар туфайли лойиҳани давом эттира олмаслиги ҳақида маълум қилган эди, бироқ шунга қарамай, 2024 йилгача ўз қисмини қуришга мажбур бўлмоқда.

Дастлабки лойиҳага кўра, умумий узунлиги 2700 км ва қиймати 1,5 миллиард доллар бўлган газ қувури Эрондан Покистон орқали Ҳиндистонгача чўзилиши керак эди. Уни ишга тушириш 2014 йилга режалаштирилган эди. Бироқ Ҳиндистон Покистон ҳудудида газ қувури хавфсизлигини таъминлаш билан боғлиқ муаммоларни айтиб, юқори хавф туфайли лойиҳада иштирок этишдан бош тортгач, қурилиш кечиктирилди.

Мазкур газ қувурининг Эрон қисми Форс ва Уммон кўрфазлари қирғоқлари бўйлаб Эселуйе минтақасидаги газ конидан Покистон билан чегарагача ётқизилган. Бу мамлакатда газ қувури Гвадар денгиз порти орқали ўтиши керак, у ердан газ марказий ҳудудлардаги истеъмолчиларга етказилиши керак. Лойиҳа бўйича газ қувурининг ўтказиш қуввати кунига 21,5 миллион куб метрни ташкил этади.


Мақола муаллифи

Теглар

суд Эрон Покистон газ қувури

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг