Эрон Озарбайжонга қилинган ҳужумни Исроилга тўнкади
Олам
−
05 Март 7725 2 дақиқа
Эрон Қуролли кучлари Бош штаби Эрон ҳудудидан Озарбайжон Республикасига дрон учирилгани ҳақидаги хабарларни рад этди. Бу ҳақда Бош штабга таяниб, “Tasnim” хабар берди.
Эълон қилинган баёнотда Бош штаб қўшни мамлакатларнинг суверенитетини ҳурмат қилиши билдирилган.
“Эрон Ислом Республикаси барча давлатларнинг, хусусан, қўшни ва мусулмон мамлакатларнинг суверенитетини ҳурмат қилган ҳолда, Озарбайжон Республикасига қарши ҳар қандай дрон учирилганини рад этади”, дейилади баёнотда.
Эрон Бош штаби олиб борилган терговлар натижасига кўра, ушбу ҳаракатнинг аслида Исроил режими томонидан Эронни айблаш ҳамда “сохта сионист режим” томонидан мусулмон давлатлар ўртасидаги муносабатларни бузиш мақсадида амалга оширилгани таъкидланган.
Эроннинг Озарбайжонга ҳужуми
Бугун, 5 март куни Эрон ракетаси Озарбайжоннинг Нахичевон Мухтор Республикаси ҳудудидаги аэропортга қулаб тушди.
Нахичевон Озарбайжоннинг Эрон, Туркия ва Арманистон билан чегарадош эксклави бўлиб, Жанубий Кавказда стратегик жиҳатдан муҳим ҳудуд ҳисобланади. Агар бу ҳодиса тасдиқланса, минтақавий хавфсизлик ва сиёсий вазиятга сезиларли таъсир кўрсатиши мумкин.
Мазкур воқеадан сўнг, Озарбайжон Ташқи ишлар вазирлиги баёнот берди. Унда битта дрон Нахичевон халқаро аэропортининг терминал биносига зарба берган, яна бошқа бир дрон эса Шакаробод қишлоғидаги мактаб биноси яқинига тушган. Ҳудуддаги мактаб ўқувчилар ва ўқитувчилари эса эвакуация қилинган.
Мазкур воқеадан сўнг Эрон Ислом Республикасининг Озарбайжондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Мужтабо Демирчилу Ташқи ишлар вазирлигига чақирилган, у ерда Эрон томонига кескин норозилик билдирилган ва тегишли норозилик нотаси топширилган.
Озарбайжон Мудофаа вазирлиги Эроннинг Нахичевон Мухтор Республикасидаги аэропортга қилган ҳужуми жавобсиз қолмаслигини билдирган.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов Озарбайжон Республикаси Ташқи ишлар вазири Жайҳун Байрамов билан телефон орқали мулоқот қилиб, ҳужумдан жиддий хавотир билдирган.
Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев Эроннинг Нахичевонга қилган ҳужумини террористик деб атади ва бунинг учун узр сўраши кераклигини айтган.
Live
Барчаси