“Америкалик масхарабозлар”. Эрон Олий раҳбари 8 йилда илк бор жума намозини бошқарди
Олам
−
17 Январь 2020
11669Эрон Олий раҳнамоси Оятулло Али Ҳоманаий 8 йилда илк марта шахсан Теҳрондаги Мосаллоҳ масжидида жума намозини ўтказди. Бу ҳақда BBC хабар бермоқда.
Теҳронда “Украина халқаро ҳаво йўллри” авиакомпаниясининг Boeing 737-800 самолётининг ракета билан уриб туширилиши ортидан бошланган оммавий намойишлар сабаб шундай қарорга келингани тахмин қилиняпти.
Самолёт ҳалокати 8 январь куни содир бўлди. Эрон ҳукумати 11 январь кун самолёт инсон хатоси сабаб уриб туширилганини тан олди.
Ҳоманаий жума намозидан кейин нутқ сўзлаб, Америка ва унинг иттифоқчилари диққатни генерал Қосим Сулаймоний ўлимидан бошқа тарафга қаратиш учун ҳаво кемаси ҳалокатидан фойдаланаётганини айтиб ўтди.
“Минтақа барча зулмкорлардан тозаланмагунча, қаршилик кўрсатишни давом эттириш керак”, деган Ҳоманаий қаршисига йиғилган минглаб эронликларга қарата.
Ҳоманаийнинг ғазабланишига АҚШ Президенти Дональд Трампнинг Эрондаги намойишларни қўллаб ёзган твитлари ҳам сабаб бўлган.
“Ўзини Эрон халқи билан эканини айтаётган америкалик масхарабозлар Эрон хали нима эканини кўриши керак”, деган Олий раҳнамо.
Ўз нутқида Али Ҳоманаий Трамп администрациясини танқид қилиб, Ислом инқилоби посбонлари корпусини инсонпарвар ташкилот деб атаган.
Маълумот учун, Ҳоманаий жума намозини сўнгги бор 2011 йил “араб баҳори” авжига чиққан вақтда бошқарган. Ўшанда у бутун араб олами уни эшитиши учун нутқини араб тилида сўзлаган.
Бугунги чиқишида Олий раҳбар хатолик туфайли Украина йўловчи самолётини уриб тушириб, 167 кишининг ўлимига сабабчи бўлган ва эронликларнинг ғазабига учраган Ислом инқилоби посбонлари корпусини ҳимоя қилишга уринди.
LiveБарчаси