Эрон Хитойдан 260 та баллистик ракета учун кимёвий моддалар олади – WSJ
Олам
−
25 Январь
2199Эрон Хитойдан 1000 тоннадан ортиқ кимёвий моддалар импорт қилишга тайёрланмоқда. Ушбу моддалар 960 тонна аммиак перхлоратига айлантирилиши мумкин. Улар эса баллистик ракеталар учун қаттиқ ёқилғи ишлаб чиқаришнинг асосий компонентларидан бири ҳисобланади. Бу ҳақда ўз манбаларига таяниб, “The Wall Street Journal” хабар берди.
Хабарда айтилишича, октябрь ойида Исроил томонидан Эрон ҳудудига қилинган зарбалар қаттиқ ёқилғи компонентларини аралаштириш учун ишлатиладиган ускуналарни йўқ қилган. Бу эса Эронда қаттиқ ёқилғили ракеталар ишлаб чиқаришни бир йил ёки ундан кўпроқ муддатга кечиктириши мумкин. Олиб келинадиган 1000 тонна кимёвий модда Эроннинг ўрта масофали 260 та ракета ишлаб чиқариши учун етарли бўлиши мумкин.
“Хитой 1990 йиллардан буён Эронга қурол яратиш учун зарур бўлган барча воситаларнинг асосий етказиб берувчиси бўлиб келган ва бу ҳолат ҳануз давом этмоқда. Пекин Эронга ва ҳусийларга қурол етказиб бериш орқали Яқин Шарқдаги ўз манфаатларини хавф остига қўймоқда, чунки бу улар нафақат Исроилга, балки Саудия Арабистони ва БААга ҳам зарба бериш имкониятларини оширади”, дейилади хабарда.
Нашрнинг ёзишича, Вашингтондаги Хитой элчихонаси вакили кимёвий моддалар етказиб берилиши режалаштирилганидан хабардор эмаслигини маълум қилган.