Эрон халқаро ҳамжамиятдан Исроил ҳужумларини қоралашни сўради
Олам
−
16 Июнь 3368 4 дақиқа
Эрон жаҳон ҳамжамиятидан Исроилнинг ҳужумларини қоралашни сўрайди ва БМТ Низоми ҳамда халқаро ҳуқуқнинг асосий тамойилларига содиқ қолишини таъкидлайди. Бу ҳақда Эрон Ислом Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Исмоил Бақоийнинг “Tehran Times” газетасида чоп этилган мақоласида сўз боради.
У Исроилнинг ҳаракатлари халқаро ҳуқуқ, хусусан, халқаро гуманитар ҳуқуқ ва халқаро инсон ҳуқуқлари ҳамда БМТ Низомининг очиқдан-очиқ ва қўпол равишда бузилиши ҳисобланишини қайд этган.
“Энг даҳшатли ҳолатлардан бири – бу турар жой биносига қилинган Исроил ҳужуми натижасида 60 нафар тинч аҳоли, жумладан, 35 аёл ва бола шаҳид бўлганидир. Ҳарбий операцияларнинг янги тўлқинида ҳам бу режим инфратузилмалар ва саноат объектларини нишонга олмоқда”, дейди ТИВ расмийси.
Шунингдек, бу ҳужум учун асос сифатида келтирилаётган Халқаро атом энергияси агентлиги томонидан бир неча бор текширилиб, тинч мақсадларга йўналтирилганлиги исботланган Эроннинг ядровий дастури объектлари ҳозир ҳам халқаро инспекциянинг энг қатъий ва кенг қамровли назорати остида экани таъкидланган. Унинг айтишича, Исроил томонидан агентлик назорати остидаги фуқаролик ядровий объектларига қилинган ҳужум, қасддан қилинган тажовузкор ҳаракат бўлиб, халқаро ҳуқуқ ва ядровий хавфсизлик ва муҳофаза тизимининг очиқ бузилиши ҳисобланади.
“Халқаро атом энергияси агентлиги бош директори Рафаэль Гросси БМТ Хавфсизлик Кенгашининг сўнгги фавқулодда йиғилишида таъкидлаганидек, агентликнинг GC(XXIX)/RES/444 ва GC(XXXIV)/RES/533 резолюциялари очиқ-ойдин тасдиқлайдики, тинч мақсадлардаги ядровий объектларга қилинган ҳарбий ҳужум БМТ Низоми, Агентлик Низоми ва халқаро ҳуқуқнинг асосий принципларини бузишдир. Бу резолюциялар бундай ҳужумларнинг ядровий хавфсизликка хавфи, минтақавий ва глобал барқарорликка салбий таъсирини алоҳида таъкидлайди.
Бу ҳужумнинг табиати ҳеч қандай шубҳага ўрин қолдирмайди: бу ҳаракат халқаро ҳуқуқни очиқдан-очиқ бузган тажовуздир. Қонунчиликнинг аниқ чегаралари бузилди”, дейилади мақолада.
Шунингдек, Исроилнинг кенгроқ ҳаракат контекстига ҳам эътибор бериш кераклиги урғуланган. Айни дамда Исроил режими Ғазо секторида содир этилган геноцид айблови билан Халқаро судда жавобгарликка тортилмоқда. Шунингдек, Бош вазир Биньямин Нетаньяху бошчилигидаги етакчилар уруш жиноятлари ва инсониятга қарши жиноятларда, жумладан, тинч аҳолини қасддан нишонга олиш, очликдан уруш қуроли сифатида фойдаланиш ва тизимли равишда жамоавий жазолар бериш айбловлари билан тўқнаш келмоқда. Бу ҳаракатлар алоҳида эмас, балки ҳарбий зулм, институционал жазосизлик ва халқаро ҳуқуқ, инсон ҳуқуқлари ва гуманитар ҳуқуққа нисбатан мунтазам беэътиборлик сиёсати доирасида амалга оширилмоқда.
”Глобал ҳуқуқ тизими шубҳа остида қолган бир пайтда, ҳуқуқий принципларни танлаб қўллаш ва сиёсий манфаатларни устувор қилиш жаҳон тартибининг асосий қадриятларига – барқарорлик, жавобгарлик ва қонун устуворлигига таҳдид солмоқда.
Эрон Ислом Республикаси Исроил режими томонидан қилинган ноқонуний тажовузга жавобан, БМТ Низомининг 51-моддасида эътироф этилган ўзини-ўзини ҳимоя қилиш ҳуқуқидан қонуний равишда фойдаланди. Бу асосий ҳуқуқ ҳар қандай давлатга қуролли ҳужумга қарши ўз ҳудуди ва суверенитетини ҳимоя қилиш имконини беради. Эроннинг жавоби халқаро ҳуқуқ қоидаларига тўлиқ мос, асосли, зарур ва мутаносиб тарзда амалга оширилди”, дейилади мақолада.
Эрон расмийсининг қайд этишича, форс давлатининг жавоб чоралари аниқ ва ҳисоб-китоб билан ишлаб чиқилган бўлиб, Исроилнинг ҳарбий таҳдиди ва тажовузига мутаносиб бўлган. Жавоб ҳужумлари фақат қонуний ҳарбий нишонларга, жумладан, қўмондонлик ва назорат марказлари, стратегик ҳарбий иншоотлар ва ҳужум билан боғлиқ операция инфратузилмаларига қаратилган. Эрон Ислом Республикаси бутун операция давомида халқаро гуманитар ҳуқуқ тамойилларига содиқ қолган ва тинч аҳолига етказиладиган зарарни камайтиришни устувор вазифа деб билган.
“БМТ Хавфсизлик Кенгашининг бу тажовузкор ҳаракатга қарши қатъий муносабат билдира олмагани – халқаро тинчлик ва хавфсизликни таъминлашдаги ўз асосий масъулиятини бажара олмаганлигини кўрсатади. Илгари бу кенгаш тез ва якдил қарор қабул қилган. 1981 йилда Исроил томонидан Ироқнинг Осирак ядровий реакторига қилинган ҳужумдан кейин, Кенгаш 487-сонли резолюцияни қабул қилиб, бу ҳужумни қоралаган ва тинч мақсаддаги ядровий объектлар дахлсизлигини таъкидлаган эди. Бу барчага ойдек равшан. Бироқ бугун Кенгаш сукут сақламоқда ва музокара жараёнлари сиёсий босим ҳамда бир гуруҳ кучли давлатларнинг қўллаб-қувватлаши туфайли тўхтаб қолган. Бу сукут халқаро кўп томонлама тизим асосларига жиддий таҳдиддир.
Эрон жаҳон ҳамжамиятидан бу тажовузкор ҳаракатни қоралашни сўрайди ва БМТ Низоми ҳамда халқаро ҳуқуқнинг асосий тамойилларига содиқ қолишини таъкидлайди. Миллий суверенитет муҳокамага қўйилиши мумкин эмас. Агентлик назоратидаги ядровий объектлар нишонга олинмаслиги лозим. Куч дипломатия ўрнини босишига йўл қўйиб бўлмайди. Исроил режими ўз хатолари ва қасддан қилган провокациялари орқали халқаро муносабат қоидаларини ўзгартиришга йўл топмаслиги керак. Тинчлик йўли жавобгарлик билан бошланади ва халқаро тизим буни амалга ошириш иродасига эга эканини намоён этиши шарт”, дейилади мақолада.
Live
БарчасиЗеленский Германия Президенти билан учрашди
15 Декабрь