Эрон қўшниларидан узр сўради ва ҳужумларни тўхтатишга ваъда берди (видео)

Олам

image

Эроннинг Муваққат раҳбарият кенгаши агар Яқин Шарқ мамлакатлари ҳудудидан ҳужумлар уюштирилмаса, уларга қарши янги зарбалар бермаслик ҳақида қарор қабул қилди. Бу ҳақда бугун, 7 март куни Эрон Президенти Масъуд Пезешкиён телевидение орқали йўллаган мурожаатида маълум қилди.

“Афсуски, ҳозир шундай жараён юз бермоқдаки, улар барча халқаро қонунларни эътиборсиз қолдириб, хоҳлаган жойларини бомбардимон қилмоқда. Мактаблар, шифохоналар ва мамлакатимиздаги турли марказларни ҳам бомбардимон қилишдан тийилмаяпти.

Шу ўринда мамлакатимизнинг улуғ халқига алоҳида миннатдорлик билдирмоқчиман. Бу қийинчиликларга қарамай, улар ҳар кеча майдонда турибди. Ким бўлишидан қатъи назар – ким эронлик бўлса, ким Эронда яшаса, қайси дин вакили бўлишидан, қандай ҳолатда ёки қандай кўринишда бўлишидан қатъи назар – барчаси Эрон тупроғининг яхлитлигини ҳимоя қилиш учун турибди.

Бу ҳолат тарихимиздаги шарафимизни яна-да баланд қилади ва душманларимизни ўз режаларидан умидсиз қилади. Биз бу буюк халқдан миннатдормиз.

Бир-биримиздан бўлган барча келишмовчиликлар, хавотирлар ва ранжишларни бугун четга суришимиз керак. Менинг ишончим шуки, бугун ҳаммамиз бирлашиб, қўлни қўлга бериб, сувимизни, тупроғимизни ва юртимизни қатъият билан ҳимоя қилишимиз лозим. Биз жонимизни тиккан ҳолда турибмиз, токи Эронни бу инқироздан бошини баланд ҳолда олиб чиқайлик”, дейди Эрон Президенти.

Шунингдек, у Эрон ҳеч қачон шартсиз таслим бўлмаслигини айтган.

“Биз шартсиз таслим бўламиз деб ўйлаётганлар бу орзуни ўзлари билан қабрга олиб кетишади. Биз халқаро қонунларга, инсоний меъёрларга ва ўзлари доимо тилга оладиган тамойилларга содиқмиз. Уларнинг ўзи ҳам айнан шу қоидаларга амал қилиши ва барча давлатларнинг, табиийки, Эроннинг ҳам ҳуқуқларини инкор этмаслиги керак.

Шу ерда қўшни давлатларга мурожаат қилиб, Эрондан ҳужумга учраганлари учун ўз номимдан узр сўрамоқчиман. Чунки юз берган воқеалар – қўмондонларимиз, раҳбаримиз ва азиз инсонларимизнинг ҳаётдан кетиши – бизга қарши бўлган ваҳшиёна тажовуз оқибатида юз берди.

Қуролли кучларимиз – жонини ватан учун тиккан қаҳрамонлар – мамлакат ҳудудий яхлитлигини ҳимоя қилиш учун курашди. Қўмондонлар ҳалок бўлган пайтда улар мустақил равишда зарур деб билган барча чораларни кўришди ва юртимизни шараф билан ҳимоя қилишди.

Биз қўшни давлатларга тажовуз қилиш ниятида эмасмиз. Мен буни кўп бор айтганман – улар бизнинг биродарларимиздир. Биз минтақада улар билан бирга бўлиб, тинчлик ва осойишталикни таъминлашимиз керак.

Кеча Муваққат раҳбарлик кенгашида қабул қилинган қарорга кўра, бу қарор Қуролли кучларга етказилди: бундан буён қўшни давлатларга ҳужум қилиш ёки уларга ракета отиш тақиқланади. Фақат агар ўша давлатлар ҳудудидан бизга ҳужум қилинса, бундан мустасно”, дейди Пезешкиён.

Президентнинг айтишича, бу масалаларни қўшнилар билан можарога киришиш орқали эмас, дипломатия орқали ҳал қилиш керак.

“Менимча, бу масалаларни қўшнилар билан можарога киришиш орқали эмас, дипломатия орқали ҳал қилишимиз керак. Халқимиз шуни билиши керакки, ҳукуматдаги барча вазирларимиз ва барча тузилмаларимиз бор кучи билан ишламоқда. Қўлимиздан келганича ҳеч қандай сусткашлик қилмаймиз.

Биз халқимизнинг хизматкоримиз. Халқимиз учун биз томондан ҳеч қандай муаммо туғилмаслиги учун ҳаракат қиламиз. Аммо ҳақиқат шуки, уруш кетмоқда. Биз ўзимизни урушга тайёрлаганмиз ва тайёрлашда давом этамиз.

Муқаддас ойда Аллоҳдан сўраймизки, бизга шундай иймон ва қатъият берсинки, мамлакатимиз яхлитлигини, халқимизнинг шаъни ва ғурурини куч билан ҳимоя қила олайлик. Бу келажак авлодлар учун ҳам сабоқ бўлсин: зарурат туғилганда эронликлар ҳар доим бирлашади.

Қўшни давлатларга ҳам шуни айтмоқчиман: айрим гуруҳлар ёки кучлар бу вазиятдан фойдаланиб, бизнинг ҳудудимизга ҳужум қилишни ўйлаётган бўлиши мумкин. Уларга шуни айтаман: империализм қўлида ўйинчоқ бўлманглар.

Бизда ҳам келишмовчиликлар бўлиши мумкин, бир-биримиздан ранжишимиз мумкин. Аммо ҳозир Исроилнинг геноцидига ва АҚШнинг зўравон сиёсатига таянч бўлиш – бу доимий шармандалик бўлади. Мустамлакачилар ва қатлиомчилар қўлида ўйинчоқ бўлиш эркинлик ва шараф олиб келмайди.

Агар келишмовчиликларимиз бўлса, яхшиси ўзаро ўтириб ҳал қилайлик. Аммо Исроил ва АҚШ қўлида ўйинчоқ бўлиб қолмайлик”, дейди Эрон Президенти.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Бирлашган Араб Амирликларининг Дубай шаҳри аэропорти ҳудудига Эрон дрони қулаб, портлаб кетгани ҳақида хабар берилган эди.


Мақола муаллифи

Теглар

Эрон Бирлашган Араб Амирликлари Яқин Шарқ

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг