Эрон БМТ Хавфсизлик Кенгашининг фавқулодда йиғилишини талаб қилмоқда
Олам
−
31 Июль
5153Эрон ҲАМАС ҳаракати сиёсий бюроси раҳбари Исмоил Хониянинг ўлдирилиши, шунингдек, Исроилнинг Байрутга берган зарбалари муносабати билан БМТ Хавфсизлик Кенгашининг фавқулодда йиғилишини талаб қилди. Бу ҳақда июль ойида функцияларини Россия бажарадиган Хавфсизлик кенгаши раисига йўлланган мактубда айтилади.
“Эрон БМТ Хавфсизлик Кенгашини Исроил режимининг Эрон суверенитети ва ҳудудий яхлитлигига қаратилган ушбу тажовузкорлик ва террорчилик хуружларини кескин ва сўзсиз қоралашга, шунингдек, Ливан ва Сурия Араб Республикасининг суверенитети ва ҳудудий яхлитлигига қарши сўнгги пайтларда содир этилган тажовузкорлик ҳаракатлари, Исроилнинг Эрон ва Яқин Шарқ минтақасида амалга оширилган агрессияси ва террористик ҳужумларига жавоб бериш мақсадида фавқулодда йиғилиш ўтказишга чақиради”, дейилади мактубда.
Бундан ташқари, Теҳрон “халқаро ҳуқуқни бузганликлари учун жавобгарликни таъминлаш мақсадида шошилинч чоралар кўриш, жумладан, эҳтимолий санкциялар ва кейинги тажовузларнинг олдини олишга қаратилган бошқа чоралар” га чақирди.
“Ушбу террорчи режим бўлиб ўтган воқеа учун жавобгарликни ўз зиммасига олади. Эрон Ислом Республикаси БМТ Низомининг 51-моддасида мустаҳкамланган ўзини ҳимоя қилиш ҳуқуқидан қатъий ва тезкор жавоб бериш учун фойдаланишдан тортинмайди”, дейилади мактубда.
Шу билан бирга, Эрон ҳукумати халқаро ҳуқуқ ва БМТ Низоми тамойилларига риоя қилиш мажбуриятини тасдиқлади.
“Биз ишонамизки, минтақада тинчлик ва барқарорликка ушбу тамойилларга риоя қилинган тақдирдагина эришиш мумкин”, дейилади мактубда.
LiveБарчаси