Эрон армияси юқори жанговар шай ҳолатга келтирилди – “Reuters”

Олам

image

Эрон олий раҳбари Оятуллоҳ Али Хоманаий АҚШ томонидан эҳтимолий ҳужумга жавобан мамлакат Қуролли кучларини юқори жанговар тайёргарлик ҳолатига келтирди. Бу ҳақда ўз манбасига таяниб, “Reuters” хабар берди.

Нашрга изоҳ берган эронлик расмийнинг сўзларига кўра, Теҳрон Ироқ, Қувайт, БАА, Қатар, Туркия ва Баҳрайн давлатларига АҚШ ҳарбий кучларига кўрсатилган ҳар қандай ёрдам душманлик ҳаракати сифатида баҳоланишини билдирган. Бу, жумладан, уларнинг ҳудудидан ҳужум учун фойдаланиш ҳолатига ҳам тегишли.

Шу билан бирга, Теҳрон Вашингтондан билвосита музокараларни бошлаш учун ишора кутмоқда. Маълум қилинишича, аввалроқ АҚШ билан ядро битими бўйича тўғридан-тўғри музокаралардан бош тортган Эрон расмийлари энди Уммон воситачилигида мулоқотни йўлга қўйишга тайёр.

Маълумот учун, 2015 йил июль ойида Эрон ва Буюк Британия, АҚШ, Россия, Франция, Хитой ва Германияни ўз ичига олган бир гуруҳ давлатлар ўртасида Венада Қўшма кенг қамровли ҳаракатлар режаси имзоланган. Ҳужжат томонларнинг қоидалари ва мажбуриятларини назарда тутган. Хусусан, Эрон 15 йил давомида уранни 3,67 фоиздан ортиқ бойитмаслик ва бойитилган уран захирасини 300 кг дан оширмаслик мажбуриятини олган. Шунингдек, Теҳрон қўшимча оғир сув реакторлари қурмасликка, 130 тоннадан ортиқ оғир сув тўпламасликка ва ядровий турдаги портловчи қурилмаларни ишлаб чиқмасликка ваъда берган. Аммо 2018 йилда Дональд Трампнинг биринчи президентлик муддати пайтида Қўшма Штатлар музокаралар кенгашидан чиққан. Бунга жавобан Эрон ўзининг технологик салоҳияти ва юқори даражада бойитилган уран захираларини сезиларли даражада оширган.

Эслатиб ўтамиз, 30 март куни АҚШ Президенти Дональд Трамп агар ядро дастури бўйича музокаралар натижа бермаса, икки ҳафта ичида Эронга нисбатан қўшимча божлар жорий этилишини айтганди. Шунингдек, у Эрон битимдан бутунлай воз кечган тақдирда, мисли кўрилмаган бомбардимонлар билан таҳдид қилганди. Бунга жавобан Оятуллоҳ Али Хоманаий агар Вашингтон Эронга зарба беришга ёки ичкаридан исён кўтаришга уринса, уни “кучли жавоб зарбаси” кутаётганини айтди. Унинг сўзларига кўра, Эрон АҚШ ва Исроил давлатлари билан доимий душман бўлиб келган.


Мақола муаллифи

Теглар

Эрон армия Оятуллоҳ Али Хоманаий жанговар шай ҳолат

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг