Эрон АҚШга оғир оқибатларни ваъда қилди
Олам
−
23 Июнь 5703 2 дақиқа
Эрон ҳарбийлари АҚШнинг Эрон ядровий объектларига берган зарбаларига жавобан оғир оқибатларга олиб келувчи ҳарбий операцияларни ваъда қилди. Бу ҳақда Эрон Қуролли кучларидаги координацияга масъул “Хатам ал-Анбиё” штаби баёнот берди.
“Бу жиноятга жавобан кучли ва аниқ нишонга қаратилган операциялар орқали сиз ўзингиз тасаввур ҳам қила олмайдиган оғир оқибатларга дуч келасиз ва бу сизни пушаймон қилади”, дейилади баёнотда.
Эслатиб ўтамиз, Эрон Қуролли кучлари матбуот котиби Иброҳим Золфағарий бугун, 23 июнь куни Эрон давлат телевидениеси орқали берган баёнотида Теҳрон АҚШ Исроил ва Эрон ўртасидаги ҳарбий можарога кирганидан кейин яна бир бор таҳдид қилгани ҳақида хабар берилганди. Унинг сўзларига кўра, АҚШнинг ҳарбий можарога кириши Эрон армияси учун “қонуний нишонлар доирасини кенгайтиради” ва “минтақадаги урушнинг кенгайишига йўл очади”.
Кеча, 22 июнь куни Трамп АҚШ халқига мурожаат қилиб, мамлакат Эроннинг учта ядровий объектига – Фордо, Натанз ва Исфаҳонга зарба берганини эълон қилган эди. Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху эса халққа қилган мурожаатида Трампга бу ҳужумлар учун миннатдорлик билдирган.
Эрон Ташқи ишлар вазирлиги АҚШнинг зарбалари узоқ муддатли оқибатларга олиб келишини айтди. Шунингдек, Эрон ҳукумати зарбаларга қарамай, ядровий энергияни ривожлантиришдан воз кечмаслигини маълум қилди.
БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш эса АҚШ томонидан Эроннинг ядровий объектларига уюштирилган ҳужумни “халқаро тинчлик ва хавфсизликка бевосита таҳдид” деб атади.