Эрон АҚШ ва Форс кўрфази давлатларини кескин огоҳлантирди
World
−
06 August 7041 2 minutes
Эрон АҚШ унинг ҳудудига яна зарба берса, Форс кўрфазидаги муҳим энергетика инфратузилмаларига жавоб зарбалари беришдан огоҳлантирди. Бу ҳақда “Reuters” агентлиги манбаларга таяниб хабар берди.
Агентлик маълумотига кўра, огоҳлантириш АҚШ Президенти Дональд Трамп 28 июль куни Эроннинг энергетика тармоғи ва инфратузилмасига зарба бериш билан таҳдид қилганидан кейин юқори даражадаги дипломатик мулоқотлар орқали етказилган.
Манбаларнинг айтишича, Эрон Ташқи ишлар вазири Аббос Ароқчи Саудия Арабистони, Туркия ва Қатар Ташқи ишлар вазирлари, шунингдек, Покистон армияси қўмондони билан мулоқот қилган. У Вашингтоннинг Форс кўрфазидаги иттифоқчиларини Трампни янги ҳарбий амалиётдан қайтариш учун ўз таъсиридан фойдаланишга чақирган.
Катта минтақавий дипломатнинг сўзларига кўра, Ароқчи ҳар қандай ҳужум Эроннинг АҚШ объектлари ҳамда Форс кўрфазидаги энергетика иншоотларига қарши жавоб чораларини кўришига олиб келишини билдирган. Манбалардан бири Эроннинг хабари “аниқ ва иккиланмас” бўлганини таъкидлаб, АҚШ Эрон инфратузилмасини нишонга олса, Теҳрон Форс кўрфазидаги энергетика объектлари ва бошқа минтақавий нишонларга зарба беришини айтган.
“Reuters” маълумотига кўра, Саудия Арабистони валиаҳди Муҳаммад бин Салмон шундан сўнг Дональд Трамп билан мулоқот қилиб, ҳарбий ҳаракатларни кечиктириш, музокараларга қайтиш, ўт очишни тўхтатиш ва дипломатик ечим излашга чақирган.
Манбаларга кўра, Қатар, Уммон ва Саудия Арабистони ҳам Вашингтонни Теҳрон билан музокараларни қайта тиклашга чақирган. Эрон эса АҚШнинг янги зарбалари “бутун минтақани олов ичига ташлаши мумкинлиги” ҳақида огоҳлантирган.
Агентлик суҳбатлашган эронлик расмийлардан бирига кўра, янги ҳужум содир этилса, Теҳрон нефть ва газ иншоотлари, нефтни қайта ишлаш заводлари, электр тармоқлари, сув таъминоти, транспорт инфратузилмаси ҳамда нефть конларини нишонга олишини билдирган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШ Эрон билан катта урушга тайёргарлик кўраётгани ҳақида хабар берилганди.
Live
All