Эрон Ҳормуздаги тижорат кемаларига зарба берди

Олам

image

Эрон бугун, 7 июлга ўтар кечаси Ҳормуз бўғози орқали ҳаракатланаётган камида 2 та тижорат кемасига ракета учирди. Бу ҳақда “Axios” хабар берди.

Маълум қилинишича, ракета зарбалари оқибатида 2 та кема жиддий шикастланган, бироқ ҳодисада қурбонлар ва жабрланганлар бўлмаган.

Шу билан бирга, Буюк Британиянинг Денгиз савдо операциялари маркази Уммоннинг Лимаҳ ҳудудидан шарқда ҳаракатланаётган танкер номаълум снаряд зарбасига учраганини маълум қилган. Зарба кеманинг чап томонига теккан ва ёнғин келиб чиққан. Дастлабки маълумотларга кўра, ҳодисада ҳеч ким жабрланмаган ва атроф-муҳитга зарар етмаган.

Ушбу воқеа дунё нефтининг қарийб 20 фоизи ташиладиган Ҳормуз бўғозида кемалар ҳаракати хавфсизлигига оид хавотирларни янада кучайтирган. Қайд этилишича, АҚШ ва Исроилнинг Эронга берган зарбаларидан кейин бошланган можаро давомида, хавфсиз қатнов бўйича вақтинчалик келишув мавжуд бўлишига қарамай, тижорат кемаларига ҳужумлар давом этмоқда.

Нашрнинг маълумотига кўра, ҳужумга учраган кемалардан бири Қатарнинг Nakilat компаниясига тегишли, суюлтирилган табиий газ ташувчи Al Rekayyat танкери бўлиши мумкин. Кеманинг двигатель бўлими яқинида ёнғин чиққан, бироқ барча экипаж аъзолари омон қолган.

Мутахассисларга кўра, Ҳормуз бўғозидаги вазият нефть бозори учун муҳим аҳамиятга эга. Инвесторлар АҚШ ва Эрон ўртасидаги музокаралар ҳамда Форс кўрфазидан нефть экспортининг кейинги тақдирини диққат билан кузатмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Америка ҳарбийлари Сингапур байроғи остида Ҳормуз бўғози орқали сузиб кетаётган савдо кемасига Теҳрон томонидан уюштирилган ҳужумга жавобан Эронга зарбалар берган эди.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг