Эрон Ҳормуз бўғозини тўлиқ ёпиб қўйди
Олам
−
11 Июнь 2590 2 дақиқа
АҚШ Қуролли кучлари кеча, 10 июнь куни кечқурун Эрондаги нишонларга қарши ҳужумларни қайта бошлади. Ўз навбатида, Эрон ҳам Ҳормуз бўғозини яна қайтадан ёпиб қўйди. Бу ҳақда мавжуд манбаларга таяниб, РИА Новости хабар берди.
АҚШ Қуролли кучлари Марказий қўмондонлигининг маълум қилишича, ушбу зарбалар Эроннинг “асоссиз ва давом этаётган тажовузи”га жавоб сифатида амалга оширилган.
Қўмондонлик маълумотларига кўра, операция АҚШ шарқий соҳили вақти билан соат 17:15 да бошланган. Бундан бироз аввал АҚШ Президенти Дональд Трамп Эронга қарши янги ҳужумлар бўлишини маълум қилган эди. АҚШ Мудофаа вазири Пит Ҳегсет эса мазкур зарбаларнинг мақсади урушни кенгайтириш эмас, балки келишувга эришиш учун шароит яратиш эканини айтган.
Эроннинг IRNA ахборот агентлиги Минаб ва Сирик шаҳарлари ҳудудида портлашлар содир бўлганини хабар қилди. “Reuters” маълумотларига кўра, Форс кўрфази соҳилида жойлашган Бандар Аббос шаҳри яқинидаги аэропорт ва ҳарбий база атрофида, шунингдек, порт шаҳри Горгонда ҳам портлаш овозлари эшитилган.
Янги зарбаларга жавоб сифатида Эрон ОАВ маълумотларига кўра, Форс кўрфази мамлакатлари ҳамда Иорданиядаги АҚШ ҳарбий базаларига, жумладан, баллистик ракеталар орқали ҳужум қилган. Қувайт армияси ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари жанговар ҳолатга келтирилганини маълум қилди. Баҳрайнда эса яна ҳаво ҳужуми хавфи сиреналари янграган.
Шунингдек, Эрон ҳарбийлари Ҳормуз бўғозининг тўлиқ ёпилганини эълон қилди. Ҳарбий қўмондонлик баёнотига кўра, бўғоздан ўтишга уринадиган ҳар қандай кема ҳужумга учрайди. Бу қарор АҚШ зарбаларидан кейин хавфсизлик вазияти ўзгаргани билан изоҳланган.
Орадан кўп ўтмай, Эрон давлат телеканали ҳарбийлар икки кемага ўт очганини маълум қилди.
Бироқ АҚШ Ҳормуз бўғозининг тўлиқ ёпилгани ҳақидаги маълумотни рад этган. АҚШ қўмондонлигига кўра, савдо кемалари ҳозир ҳам Ҳормуз бўғозига кириб-чиқишда давом этмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Эрон Қувайт, Иордания ва Баҳрайнда жойлашган АҚШ ҳарбий базаларига ракета зарбалари берганди. Шу билан бир вақтда Ливаннинг “Ҳизбуллоҳ” ҳаракати ҳам Исроил ҳудудига ҳужум бошлагани хабар қилинмоқда.
Live
Барчаси“Чуст оши” ҳам патентланди
11 Июнь