Эрон Ҳормуз бўғозини очади, аммо шарт билан

Олам

image

Эрон АҚШ билан икки ҳафталик сулҳ тасдиқланганини маълум қилиб, шу муддатда Ҳормуз бўғозининг очилишини эълон қилди. Бу ҳақда Эрон Ташқи ишлар вазири Аббос Ароқчи Х ижтимоий тармоғида ёзиб қолдирди.

Унинг айтишича, бу қарор бир нечта омиллар фонида қабул қилинган: Покистоннинг урушни тўхтатиш бўйича саъй-ҳаракатлари, АҚШнинг музокараларга тайёрлиги ҳамда АҚШ Президенти Дональд Трамп томонидан Эроннинг 10 бандли режасини муҳокама учун асос сифатида қабул қилишга розилик билдирилгани.

Шу билан бирга, вазир муҳим шартни ҳам таъкидлаган.

“Агар Эронга қарши ҳужумлар тўхтатилса, Эрон Қуролли кучлари ҳам мудофаа операцияларини тўхтатади”, деган Ароқчи.

Унга кўра, икки ҳафта давомида Ҳормуз бўғози орқали кемалар хавфсиз ўтиши таъминланади, бироқ бу жараён Эрон ҳарбийлари билан мувофиқлаштирилади ва маълум техник чекловлар ҳисобга олинади.

Қайд этиш жоиз, Трамп Эрондан 8 апрелга ўтар кечаси Ҳормуз бўғозини очишни талаб қилган, акс ҳолда мамлакат инфратузилмасига зарба бериш билан таҳдид қилган эди. Бироқ муддат тугашидан олдин томонлар воситачилар орқали музокараларни кучайтирди.

Натижада, АҚШ икки ҳафталик сулҳга рози бўлди. Бу давр ичида томонлар якуний тинчлик келишувини ишлаб чиқиши кутилмоқда.

Айни пайтда Эрон томони бу вазиятни ўз фойдасига талқин қилиб, АҚШни амалда Теҳрон шартларига рози бўлганини даъво қилмоқда.

Эрон Хавфсизлик кенгашига кўра, АҚШ қуйидаги шартларни қабул қилган:

  • Агрессиядан воз кечиш – АҚШ Эрон ҳудудига ҳужум қилмаслик мажбуриятини олади;
  • Ҳормуз бўғози устидан назорат – Ҳормуз устидан назорат Эронда қолади;
  • Ядро дастурини тан олиш – Эроннинг уран бойитиш ҳуқуқи эътироф этилади;
  • Санкцияларни бекор қилиш – барча бирламчи ва иккиламчи чекловлар олиб ташланади;
  • Халқаро қарорларни бекор қилиш – халқаро ташкилотларнинг резолюциялари тўхтатилади;
  • Компенсация тўлаш – АҚШ Эрон кўрган зарарни қоплайди;
  • АҚШ қўшинларини олиб чиқиш – Америка ҳарбийлари Яқин Шарқни тарк этади;
  • Урушни тўлиқ тўхтатиш – барча фронтларда жанглар якунланади.

Мақола муаллифи

Теглар

Эрон Ҳормуз бўғози

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг