Эрон ҳижобсиз аёлларни топиш учун камералар ўрнатмоқда
Олам
−
10 Апрель 2023
6344Эрон ҳукумати жамоат жойларида ҳижобсиз юрган аёлларни аниқлаш учун камералар ўрнатишни бошлади. Бу ҳақда маҳаллий полицияга таяниб, BBC хабар берди.
Маълум бўлишича, сочларини ёпмаган аёлларга огоҳлантирувчи СМС-хабарлар юборилади. Полиция бу ҳижоб қонунига қаршилик кўрсатишнинг олдини олишга ёрдам беради, деб ҳисобламоқда.
Полиция баёнотига кўра, тизимда ҳижоб қонунини бузганларни аниқлаш ва уларга огоҳлантириш юбориш учун “ақлли” камералар ва бошқа воситалардан фойдаланилади.
Таъкидлаш жоизки, ўтган йили ҳижоб қоидаларини бузганликда айбланиб, ҳибсга олинган ёш курд аёли Маҳса Аминининг полиция ҳибсхонасида ўлими норозиликларга сабаб бўлган эди. Аминининг ўлимидан сўнг ҳибсга олиниш хавфига қарамай, кўплаб одамлар норозилик намойишига чиққан эди. Декабрь ойидан бери Эронда минглаб намойишчилар қамоққа олинди, тўрт нафари қатл этилди, бироқ қаттиққўл тарафдорлар қонунни татбиқ этиш учун кўпроқ иш қилинишини талаб қилишда давом этмоқда.
8 апрель куни Эрон Президенти Иброҳим Раисий эронлик аёллар “диний зарурат” сифатида ҳижоб кийишлари кераклигини яна бир бор таъкидлаган. Эрон адлия вазири Ғуломҳусайн Моҳсени-Эжеи эса кенг кўламли босим аёлларни қоидаларга риоя қилишга ундашнинг энг яхши усули бўлмаслигидан огоҳлантирган.
“Маданий муаммоларни маданий йўллар билан ҳал қилиш керак. Бундай муаммоларни ҳибсга олиш, қамоққа ташлаш йўли билан ҳал қилмоқчи бўлсак, харажатлар кўпаяди ва керакли самарани кўра олмаймиз”, деган Ғуломҳусайн Моҳсени-Эжеи.