Эрон ҲАМАСнинг Исроилга қарши урушига нега қўшилмаяпти?

Олам

image

Эрон урушга кирмаслиги ҳақида ҲАМАСга муҳим сигнал берди. Бу ҳақда уч нафар юқори мартабали амалдорга таяниб, “Reuters” хабар берди.

Қайд этилишича, Эрон олий раҳбари Оятуллоҳ Али Ҳоманаий ноябрь ойи бошида Теҳронда ҲАМАС ҳаракатининг сиёсий бюроси раиси Исмоил Хонияга аниқ хабар етказган: Сиз бизни 7 октябрдаги Исроилга ҳужумингиз ҳақида огоҳлантирмагансиз ва биз сиз томондан урушга кира олмаймиз.  

“Исмоил Хонияга ҲАМАСнинг узоқ йиллик қўллаб-қувватловчиси бўлган Эрон гуруҳга сиёсий ва маънавий ёрдам беришда давом этишини, лекин можарога тўғридан-тўғри аралашмаслигини айтди”, дейди мунозаралардан хабардор бўлган Эрон расмийлари ўз исми сир қолишини сўраб.

ҲАМАС расмийсининг айтишича, Оятуллоҳ Али Хоманаий ҲАМАСни Эрон ва унинг Ливандаги кучли иттифоқчиси “Ҳизбуллоҳ”ни Исроилга қарши жангга тўлиқ куч билан қўшилишга чақиришини тўхтатишга чақирган. 

Эрон томонига кўра, “Ҳизбуллоҳ” деярли 20 йил давомида Исроил билан курашмоқда. Эрон томонидан қўллаб-қувватланган кучлар Ироқ ва Суриядаги АҚШ ҳарбийларини нишонга олган. Яман ҳусийлари ҳам Исроилга ракета ва учувчисиз самолётлари билан зарба берган. Ҳозирги можаро Сурия ҳукумати, “Ҳизбуллоҳ”, ҲАМАС ва Ироқдан Ямангача бўлган бошқа гуруҳларни ўз ичига олган минтақавий коалицияни синовдан ўтказмоқда.

“Ҳизбуллоҳ”га яқин уч манбанинг айтишича, Ливан гуруҳи ҳам ҲАМАСнинг ўтган ойдаги ҳужумидан ҳайратда қолган. Уларнинг таъкидлашича, “Ҳизбуллоҳ” жангчилари 2006 йилда Исроил билан урушда фронт чизиғи бўлган чегара яқинидаги қишлоқларда ҳам жанг ҳолатида эмас эди.

Байрутдаги Карнеги Яқин Шарқ марказининг “Ҳизбуллоҳ” бўйича эксперти Моҳанад Ҳейж Алининг айтишича, 7 октябрь куни ҲАМАСнинг Исроилга ҳужуми “Қаршилик ўқи”даги ҳамкорларини анча устунроқ кучга эга бўлган рақибга қарши туришда қийин танлов олдида қолдирган.

"Айиқни бундай ҳужум билан уйғотганингизда, иттифоқчиларингиз сиз билан бир хил ҳолатда туришлари жуда қийин", дейди Ҳейж Али.

ҲАМАС “Қаршилик ўқи”ни ёрдамга чақирди

7 октябрь куни ҲАМАСнинг ҳарбий қўмондони Муҳаммад Деиф “Қаршилик ўқи”даги иттифоқчиларини курашга қўшилишга чақирган. 
“Ливан, Эрон, Яман, Ироқ ва Суриядаги исломий қаршиликдаги биродарларимиз, бу кун Фаластиндаги ака-укаларингиз билан елкадош бўлинг”, деган у аудиомурожаатида.

Яна бир ҲАМАС етакчиси Холид Мешал 16 октябрь куни телевидениеда берган интервьюсида “Ҳизбуллоҳ”га шу пайтгача қилган ҳаракатлари учун миннатдорлик билдирган, аммо “жанг кўпроқ нарсани талаб қилиши”ни айтган.  

Теҳроннинг фикрини бевосита биладиган, масаланинг нозиклиги сабабли исмини айтишдан бош тортган олти нафар расмийнинг айтишича, иттифоқ етакчиси бўлган Эрон, агар унинг ўзи Исроил ёки Қўшма Штатлар томонидан ҳужумга учрамаса, можарога тўғридан-тўғри аралашмаслигини маълум қилган. Бунинг ўрнига Эроннинг руҳонийлари ўзларининг қуролли иттифоқчилари, жумладан “Ҳизбуллоҳ” тармоғидан фойдаланиб, Исроил ва Американинг Яқин Шарқдаги нишонларига ракета ва учувчисиз ҳаво ҳужумлари уюштиришни давом эттиришни режалаштирган.

“Стратегия Ғазодаги ҲАМАС билан бирдамликни намойиш қилиш ва Исроил билан тўғридан-тўғри АҚШга тортиши мумкин бўлган тўқнашувга кирмасдан Исроил кучларини заифлаштириш учун мўлжалланган саъй-ҳаракатлардир”, дея қўшимча қилган улар.

Яқин Шарқ бўйича ихтисослашган АҚШнинг собиқ юқори мартабали дипломати, ҳозир Вашингтондаги Яқин Шарқ сиёсати таҳлил марказида ишлайдиган Деннис Росснинг фикрича, Эроннинг бу ҳаракати "Қаранг, бизга ҳужум қилмагунингизча шундай бўлиб қолаверади. Лекин бизга ҳужум қилсангиз, ҳаммаси ўзгаради" дейиш усули.

“Ҳизбуллоҳ”нинг ўз муаммолари

100 000 жангчиси билан мақтанган “Қаршилик ўқи”даги энг қудратли гуруҳ “Ҳизбуллоҳ” Исроил-Ҳамас уруши бошланганидан бери деярли ҳар куни Ливан-Исроил чегарасида жойлашган. Шунга қарамай, “Ҳизбуллоҳ” ҳам ўзининг қўллаб-қувватловчиси Эрон каби юзма-юз тўқнашувлардан қочади.

Манбалардан бирининг айтишича, ҲАМАС “Ҳизбуллоҳ” ўзининг йирик ракета арсеналига эга бўлган Исроилга чуқурроқ зарба беришини хоҳлайди. Аммо “Ҳизбуллоҳ” бу Исроил нинг Ливанга ҳужумни кучайтиришидан чўчийди.

Ливан ҳукумати ишларига чуқур аралашадиган сиёсий ҳаракат бўлган “Ҳизбуллоҳ” мамлакат Исроил билан яна уруш олиб бориши мумкинлигини билади. Бироқ Ливан 2006 йилги урушдан кейин қайта тикланишига бир неча йиллар керак бўлган, бу вақт давомида Исроилнинг бомбардимонлари мамлакатнинг “Ҳизбуллоҳ” назорати остидаги жанубий қисмини вайрон қилган.

“Ҳизбуллоҳ” етакчиси Сайид Ҳасан Насруллоҳ 3 ноябрь куни қилган чиқишида ҲАМАС Исроилга ҳужумини иттифоқчиларидан сир тутганини ва бу унинг муваффақиятини таъминлагани ва “Қаршилик ўқи”даги “ҳеч кимни хафа қилмаганини” айтди. 

АҚШнинг инқироздаги роли

Қўшма Штатлар ҳам уруш Ғазодан ташқарига тарқалишини истамайди. Президент Жо Байден ҳукумати ҳозирча АҚШнинг Ғазо инқирозидаги ролини асосан Исроилга ҳарбий ёрдам кўрсатиш билан чеклади. У, шунингдек, қисман Теҳронга огоҳлантириш сифатида иккита самолёт ташувчи ва қирувчи самолётларини шарқий Ўрта ер денгизига кўчирди.

Бу орада вазият жиддийлашди. Пентагон маълумотларига кўра, Ғазо уруши бошланганидан бери АҚШнинг Исроилни қўллаб-қувватлашига жавобан Ироқ ва Суриядаги “Қаршилик ўқи” жангчилари томонидан АҚШ кучларига камида 40 та дрон ва ракета ҳужумлари уюштирилган. АҚШ расмийларига кўра, Америка Суриядаги Эрон билан боғлиқ жангарилар томонидан фойдаланиладиган объектларга қарши учта жавоб зарбаси берган.

13 ноябрь куни АҚШ Мудофаа вазири Ллойд Остин можарода яна бир йирик фронт очилиши хавфи борлигини айтган.

"Ушбу можаро давомида, бутун инқироз давомида кўрган нарсамиз Ливан “Ҳизбуллоҳ”и ва Исроил кучлари ўртасидаги ўзаро ўт очишдир. Ҳеч ким шимолда яна бир можаро бошланишини истамайди ", деган у Сеулдаги матбуот анжуманида. 

Исроил эса шимолга эътибор қаратади

Остин дам олиш кунлари исроиллик мавқедоши Ёав Галлант билан суҳбатда минтақавий кескинлашувнинг олдини олиш зарурлигини таъкидлаган. Исмини ошкор қилишдан бош тортган икки исроиллик хавфсизлик манбаси  Исроил ҳеч қандай жанговар ҳаракатларни ёйишга интилмаганини, аммо мамлакат ўзини ҳимоя қилиш учун керак бўлса, янги фронтларда курашишга тайёрлигини қўшимча қилган. Уларнинг айтишича, хавфсизлик бўйича масъуллар Исроил учун энг кучли таҳдид “Ҳизбуллоҳ”дан келган деб ҳисоблайди.

Қайд этиш жоизки, Исроил ва Эрон ўртасида адоват бор. Эрон Исроилнинг мавжудлигини тан олмайди, шу билан бирга Исроил узоқ вақтдан бери Эроннинг баҳсли ядровий фаолиятини дипломатия орқали тўхтата олмаса, унга қарши ҳарбий чоралар кўриш билан таҳдид қилиб келади.

Карнеги жамғармаси таҳлил марказининг Эрон бўйича мутахассиси Карим Саджадпурнинг фикрича, ҳозирги инқироз шароитида Теҳрон учун “реалполитик” сиёсат юритиши устунлик қилиши мумкин.

“Эрон 40 йил давомида тўғридан-тўғри зиддиятга кирмасдан Америка ва Исроилга қарши курашди. Режимнинг инқилобий мафкураси Америка ва Исроилга қарама-қаршиликка асосланган, аммо унинг етакчилари ўз жонига қасд қилиш ниятида эмас, улар ҳокимиятда қолишни истайди”, дейди эксперт.


Мақола муаллифи

Теглар

Эрон Исроил ҲАМАС Ҳизбуллоҳ

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made