Эрон ҲАМАС ва Исроил ўртасидаги ҳар қандай сулҳ битимини қўллаб-қувватлашга ваъда берди
Олам
−
28 Август
2672Эрон Фаластиннинг ҲАМАС ҳаракати ва Исроил ўртасидаги ҳар қандай ўт очишни тўхтатиш ёки сулҳ битимини қўллаб-қувватлайди. Бу ҳақда Ислом Республикаси Ташқи ишлар вазири Аббос Ароқчи ҲАМАС сиёсий бюроси аъзоси Ҳалил ал-Ҳея билан суҳбатда айтиб ўтди.
Ароқчига кўра, Эрон Ислом Республикаси Ғазода ўт очишни ёки урушни тўхтатиш бўйича Фаластин қаршилик ҳаракати ва ҲАМАС томонидан қабул қилинадиган ҳар қандай келишувни қўллаб-қувватлайди. Янги ҳукумат келганидан кейин ҳам Теҳроннинг Ғазо секторидаги можаро бўйича позицияси ўзгаришсиз қолади ва Эрон, аввалгидек, Фаластинни қўллашда давом этади.
Ўз навбатида, ҲАМАС сиёсий бюроси аъзоси Ароқчини Ташқи ишлар вазири этиб тайинлангани билан табриклади ва Ғазо секторида ўт очишни тўхтатиш бўйича музокаралар ҳолати ҳақида маълумот берди. Шунингдек, Ҳалил ал-Ҳея Фаластин халқи Эрон томонидан кўрсатилаётган ёрдамни юксак қадрлашини таъкидлади.
Маълумот учун, 15-16 август кунлари Доҳада Ғазо секторида ўт очишни тўхтатиш ва ҲАМАС томонидан гаровга олинганларни озод қилиш бўйича музокаралар бўлиб ўтди. Миср, Қатар ва Америка Қўшма Штатларининг қўшма баёнотида музокаралар ижобий муҳитда ўтгани қайд этилди. Томонлар музокарани Қоҳирада давом эттиришга келишиб олди. Унинг янги босқичида Қўшма Штатлар Қатар ва Миср кўмагида ҲАМАС ва Исроил ўртасидаги келишмовчиликларни камайтириши мумкин бўлган таклифни тақдим этган. Бироқ ҲАМАСнинг таъкидлашича, Америка ташаббуси фақат Исроил манфаатларини ҳисобга олади.
25 август куни Миср пойтахтида бўлиб ўтган музокараларда Исроил ва ҲАМАС воситачилар таклиф қилган барча муросали ечимларни рад этган.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь