Эркинжон Турдимов Сирдарёдаги мутасаддиларни жазолади (видео)
Жамият
−
28 Апрель
30128Сирдарё вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Эркинжон Турдимов вилоят раҳбарлари билан ўтказган танқидий руҳдаги учрашувида ўз вазифасини уддалай олмагани учун бир қанча раҳбарларга жазолар қўллади. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, Турдимов вилоятнинг бир неча раҳбарлари билан давлат бошқарув органларида ижро интизоми фаолиятини мустаҳкамлаш, қабул қилинган қарорлар ва берилган топшириқларни ўз вақтида бажарилишини таъминлаш мақсадида танқидий руҳдаги учрашув ўтказган.
Учрашувда котибият мудирлари ҳамда айрим раҳбарларнинг фаолиятида йўл қўйилган камчиликлар, жумладан, ижрони таъминлашдаги кечикишлар ва бошқа ҳолатлар таҳлил қилинган. Шунингдек, муҳокама давомида тўрт нафар ҳокимлик вакилларига ҳайфсан интизомий жазо чораси берилиши белгиланган ва бир нафар масъул эгаллаб турган лавозимидан озод этилган. Ишдан олинган мутасаддиларнинг шахсига аниқлик киритилмаган.
Шу билан биргаликда, вилоят раҳбари ижро интизомини мустаҳкамлаш ҳар бир раҳбарнинг бурчи эканлигини таъкидлаган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Эркинжон Турдимов раҳбарлигида ўтказилган ҳокимлик соатида давлат идораларида фаолият юритаётган раҳбар ходимларнинг саводхонлик даражасини баҳолаш мақсадида диктант олиш амалиёти ўтказилган эди. Ушбу амалиётда Соғлиқни сақлаш бошқармасининг 9 нафар раҳбар ходимидан 6 нафари, “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖнинг 5 нафар раҳбар ходимидан 4 нафари, “Ўзтелеком” АЖ Сирдарё филиалининг 10 нафар раҳбар ходимидан 7 нафари, “Ўзбекистон почтаси” АЖ вилоят филиалининг 8 нафар раҳбар ходимидан 4 нафари қониқарсиз баҳо олган эди.