Эркинжон Турдимов оқсочлар хизматидан фойдаланадими?
Жамият
−
20 Октябрь 2020
15199Ўтган ҳафта Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида аёллар ва ёшлар бандлигини таъминлаш масаласида ўтказилган видеоселектор йиғилишида Самарқанд вилояти ҳокими Эркинжон Турдимов ижтимоий тадбиркорлар фаолияти орқали оқсочлар тайёрлаш марказларини ташкил этиш таклифини билдирган эди. Ушбу таклиф Президент Мирзиёев томонидан маъқулланиб, буни бутун республикага Самарқанд тажрибаси сифатиджа тадбиқ этиш вазифаси юклатилди. Бироқ, ҳоким Эркинжон Турдимовнинг таклифи ижтимоий тармоқларда кўплаб баҳс-мунозараларга сабаб бўлди.
Кимдир ҳоким ўз яқинларини, оила аъзоларини оқсочликка ўқитсин деса, яна бошқа биров ҳоким уйида ишлайдиган оқсочлардан кўнгли тўлмаяптими, деган фикрни илгари сурди. Хўш, гап қанчалик Турдимовнинг шахсияти билан боғлиқ? У ўз уйида оқсочлар ишлатадими? Бу ҳақдаги савол билан журналист Қамараддин Шайхов Эркинжон Турдимовга юзланди.
Қамариддин Шайхов, журналист: — Сиз шахсий ҳаётингизда оқсочлар хизматидан фойдаланасизми?
Эркинжон Турдимов, Самарқанд вилояти ҳокими: — Йўқ фойдаланмаганман.
Қ.Ш.: — Эркинжон Турдимов оқсочлар мавзусини кўтариб чиқаряптими, демак ўзи ҳам оқсочларга эҳтиёж сезяпти деган муносабатларга қандай қарайсиз?
Э.Т.: — Оқсочлар масаласини менинг шахсий эҳтиёжимга боғлиқлик томонлари йўқ. Биз кичик оиламиз, уйимизда оқсочлар хизматига эҳтиёж сезилмайди. Оиламизда ҳамма ишлайди, ёш бола йўқ. Ҳамма фарзандларим вояга етган. Оиламизда шу вақтгача оқсоч ҳизматидан фойдаланилмаган. Уй ишларини ҳаммамиз бирга бажарамиз.
Мен вилоят раҳбари бўлсам, вилоят миқёсида бу ишларни назорат қилишим керак. Самарқанд вилояти миқёсида қарайдиган бўлсак, сиз билан биз хоҳласак ё хоҳламасак, бу бозор бор. Нафақат Самарқанд шаҳрида, балки Термизда, Навоийда, Тошкентда – ҳамма жойда бор. Бу бозорда уйини тозалатиш учун ишчи олиб кетишади. Уй эгаси биринчи навбатда кимни олиб кетаётгани, нимага олиб кетаётганини ўйлайди. Уйида ишлаётган аёл, уй эгасининг мол-мулкига кўз тикмайдими, ўз ишини ҳалол, пок бажарадими, деган фикр бўлади. Уйга ишлаш учун бораётган аёлларимизда ҳам хавотир бўлади, албатта. Кимнинг уйига кетаётгани, иш ҳаққини оладими, мақсади ёмон эмасми, деган фикр бўлади. Лекин баъзи ҳолларда икки томонлама ноҳақликка учраётганлар ҳам бор. Кимдир уйида ишлаган оқсочнинг хизмат ҳаққини бермаса, айрим оқсочлар хизмат учун борган уйидан қимматбаҳо буюмларни олиб чиқиб кетиш ҳоллари ҳам кузатилади. Ҳақорат ва тазйиққа, керак бўлса, жисмоний тазйиққа учраган хизматчилар ҳам йўқ эмас. Буларнинг барчаси ички ишлар органлари орқали рўйхатдан ўтади.
Уйига хизматчи оладиган одам биринчи навбатда яхши, ҳалол, инсофли одам бўлишини хоҳлайди. Чунки уй хизматкори биринчи навбатда бу оиланинг фарзандини тарбия қилади, ҳаммамиз учун энг қадрли бойлик – бу фарзанд. Менинг энг катта бойлигим – фарзандларим. Хўш, уй эгаси фарзандининг тарбиясини кимга топширяпти? Таомларни ким тайёрлайди? Уй хизматчиси, албатта. Унинг хизматидан фойдаланишга шуларга ҳам эътибор берилади. Учинчидан айнан шу уйдаги маданият, чиройли муҳит, тартиб интизоми ҳам бевосита айнан уй хизматчисига боғлиқ.
Демоқчи бўлганим, биз бу каби аёлларни ўқитишимиз керак. Улар учун нодавлат ўқув марказларини ташкил этиб, ўша ерда оқсочларни ўқитиш керак. Уларни биз уй хизматкори деймизми,оқсоч деймизми, фарқи йўқ. Унинг синонимлари жуда кўп. Мен уларни оқсоч эмас, балки уй хизматчилари деганимда бунчалик шов шув бўлмасди. Аммо бу ҳақиқат.
Қ.Ш.: — Номини ўзгартирганимиз билан муаммодан қочиб бўлмайди тўғрими?
Э.Т. — Худди шундай. Бу бор нарса. Ўша ёзаётганлар бугун ўзи бозорга борсин, билсин, кўрсин вазиятни.
Қ.Ш.: — Сиз бориб кўрдингизми?
Э.Т.: — Мен жуда кўп борганман. Гаплашганман.
Ушбу интервьюни тўлиқ QALAMPIR.UZ'нинг YouTube'даги саҳифасида томоша қилишингиз мумкин.
LiveБарчаси