Эркакларнинг “шўри қуриди”. Хотин-қизларга оид янги қонунда нималар дейилган?
Жамият
−
12 Апрель 2023
18955Эндиликда шахс ўз турмуш ўртоғини ҳақоратлаб, қадр-қимматини таҳқирласа, 6 млн сўм жаримага тортилади, ғаразли ниятлар билан калтаклаб, баданига оғир тан жароҳати етказса, 12 йилга озодликдан маҳрум қилинади. Қолаверса, турмуш ўртоғини ҳақорат қилган, сўккан, таҳқирлаган, қўрқитган ва урганлар жавобгарликка тортилади. Бу ҳақда кеча, 11 апрель куни Президент Шавкат Мирзиёев имзо чеккан хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштиришга доир тарихий қонунда белгилаб қўйилди.
Хотин-қизларга “гап отганлар” қамоққа олиниши мумкин
Янги қонунга кўра, бировга шилқимлик қилиш, ортидан эргашиб таъқиб қилиш, тинмай телефон қилиш ва шаҳвоний майлни кўрсатувчи ҳаракатлар учун ҳам алоҳида жавобгарлик киритилди. Қонун бўйича бундай хатти-ҳаракатлар 1,5 млн сўм жаримага, ёки 5 сутка қамоқ жазосига сабаб бўлиши мумкин.
Шахснинг иродасига қарши ҳаракатлар содир этиш – унга тинмай қўнғироқ қилиш, уни қидириш, иш, ўқиш ва яшаш жойига бориб, орқасидан юриш эса ўша шахс учун ўта ноқулайлик келтириб чиқаради.
Чунки беозор кўринган бундай қилмишнинг зўравонликка айланиши ўртасида бир бахя бўлиб, у жабрланувчининг ўз ҳаёти ва соғлиғи учун асосли хавфсирашига олиб келади.
Масалан, Европа Иттифоқи ҳудудида ўтказилган сўровларда иштирок этган жинсий зўравонликка учраган аёлларнинг 18 фоизи айбланувчи уларни олдиндан беозор кўринишда таъқиб этиб келганлигини билдирган.
Қонунчиликка киритилган ўзгартишга кўра, хотин-қизларнинг шахсий фото ёки видеотасвирини ўз ичига олган ахборотни унинг розилигисиз тарқатиш ёки шу билан қўрқитиш қилмишлари учун Канада, Германия, Англия, Шотландия, Япония, Австралия, АҚШдаги каби жиноий таъқиб белгиланиб, 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси берилишига сабаб бўлиши мумкин.
Қонуннинг имзоланишига сабаб бўлган омил эса Ўзбекистонда аёлларга нисбатан қилинаётган зўравонликлар сони йилдан-йилга ортаётганидир. Масалан, 2021-2022 йилларда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга оиладаги камситишлар бўйича 72 мингта мурожаат келиб тушган бўлиб, уларнинг 61 мингдан (85 фоиздан) ортиғи хотин-қизларнинг камситилишига тааллуқли.
Ҳимоя ордерининг муддати узайтирилди
Афсуски, 2020 йилда жорий этилган, тазйиқ ва зўравонлик қурбони бўлган жабрдийда хотин-қизларни ҳимоя қилиш учун ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан бериладиган ҳимоя ордерлари ҳам оилада зўравонликка учраётган аёлларни етарлича ҳимоя қила олмаяпти. Масалан, 2022 йилда илгари ҳимоя ордери берилган хотин-қизларнинг 12 нафари такроран зўравонликка учраган.
Аслида зўравонликдан жабр кўрган шахсга ҳимоя ордери 30 кунга берилар эди. Лекин янги қонун билан бундай ордернинг муддати суд томонидан 1 йил муддатгача узайтирилиши белгиланмоқда.
Шунингдек, ҳимоя ордери билан зўравонга нисбатан жабрланувчи яшайдиган турар-жой майдони ёки унинг бир қисмидан фойдаланиш, жабрланувчининг иш жойи бошқа жойларга яқинлашишни муайян вақтга чеклаш, муайян жойларда бўлмаслик, наркологик касалликдан даволаниш каби қўшимча мажбуриятлар юклатиш мумкинлиги белгиланмоқда.
Оила ва хотин-қизлар қўмитаси ҳамда унинг ҳудудий бўлинмалари эса хотин-қизларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида фуқаролик ишлари бўйича ҳамда маъмурий судларга берган даъволар, аризалар ва шикоятлар юзасидан давлат божидан озод қилинмоқда. Чунки шу пайтгача қўмита ҳамда унинг ҳудудий бўлинмалари томонидан судларга киритиладиган даъволар бўйича давлат божини тўлаш мажбуриятининг мавжудлиги хотин-қизларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш фаолиятига тўсқинлик қилаётган эди.
Болаларни зўрлаганлар 20 йилгача озодликдан маҳрум этилади ва уларга амнистия берилмайди
Ўзбекистонда болаларга нисбатан жинсий жиноятлар ҳам йилдан-йилга кўпайиб бормоқда.
Хусусан, 2019 йилда 16 ёшга тўлмаган бола билан жинсий алоқа қилишда айбли деб топилганлар сони 99 нафарни ташкил этган бўлса, бу кўрсаткич 2020 йилда – 153, 2021 йилда – 216, 2022 йилда – 238 нафарни ташкил этган.
14 ёшга тўлмаган бола билан зўрлик ишлатиб, жинсий алоқага киришиш жиноятини содир этганлар сони эса 2019 йилда – 52, 2020 йилда – 35, 2021 йилда – 57, 2022 йилда – 73 нафарни ташкил этган.
Интернетда болалар порнографиясини тарғиб қилувчи сайтлар 2013 йилдан 2017 йилга қадар 7 баравар ошиб, 18,4 миллионни ташкил этган.
Бундай нохуш ҳолатлар такрорланишининг олдини олиш мақсадида аҳоли орасида профилактик ишларни кучайтириш, ҳуқуқбузарлик содир этганларни эса қилмишига яраша жазолаш учун қонун халқаро стандартларни ўз ичига қамраб олган.
Қонунга кўра, 14, 16 ёки 18 ёшга тўлмаган шахсга нисбатан жинсий зўравонликни содир этган шахснинг қилмиши, у жабрланувчининг ёшидан хабардор бўлган ёки бўлмаганлигидан қатъий назар, жабрланувчининг ҳақиқий ёшидан келиб чиқиб баҳоланиши ва мутаносиб оғир жазо, яъни 20 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланиши назарда тутилмоқда.
Олдинги қонунга кўра, 16 ёшга тўлмаган шахснинг розилиги билан жинсий алоқага киришган айбланувчи жабрланувчининг ёшини билмаганлигини баҳона қилиб, жавобгарликдан озод бўлиб қолиш имкониятига эга эди. Янги қонунда бундай шахсларнинг жавобгарлигининг муқаррарлиги таъминланиб, айбланувчи жабрланувчининг ёшини билган билмаганлигидан қатъий назар 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазосига тортилади.
Бу турдаги жиноятларнинг ижтимоий хавфсизлик даражаси бир поғонага орттирилиб, илгари ижтимоий хавфи катта бўлмаган жиноятлар туркумига кирувчи қилмишлар унча оғир бўлмаган жиноятларга, унча оғир бўлмаганлари эса оғир жиноятлар туркумига киритилди.
Ўз яқинлари, ёши кичик ёки ногиронларга нисбатан жинсий эркинликка қарши жиноятларнинг содир этилиши, уларнинг тажовузкордан ҳимояланиш имконияти чекланганлиги сабабли алоҳида хавфлилик даражасига эга.
Аммо қонунчилик бундай қилмишларни алоҳида оғирроқ жазони назарда тутувчи модда билан малакалаш учун етарли имкониятларга эга эмас эди.
Янги қонун билан шахс нафақат амалдаги турмуш ўртоғи ёки яқин қариндошига, балки собиқ турмуш ўртоғига, бир рўзғор асосида бирга яшаётган ёки умумий фарзандга эга бўлган шахсга, ногиронга ёхуд ўзига ўқитиш ёки тарбиялаш учун топширилган шахсга нисбатан жинсий зўравонлик қиладиган бўлса, унга оғирроқ жазо, яъни илгаригидай 3 йилдан 7 йилгача эмас, балки 10 йилдан 15 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланиши белгиланди.
Энг муҳим томони, болаларнинг жинсий эркинликларига қарши содир этилган жиноятлар тинчлик ва инсоният хавфсизлигига қарши жиноятларга тенглаштирилиб, уларни содир этган шахсларга нисбатан муддатидан илгари шартли озод қилиш ёки жазони енгилроғи билан алмаштириш тариқасидаги инсонпарварлик актлари қўлланилмаслиги белгилаб қўйилди.
Болаларнинг ҳаёти, соғлиғи ёки ахлоқи учун хавфли бўлган жиноятларни содир этган шахсларнинг ягона реестри тузилиб, ушбу реестрга кирган шахсларнинг таълим, тарбия, болалар соғломлаштириш, спорт ва ижодий ташкилотларида ишлаши ҳамда болалар билан бевосита ишлашни назарда тутувчи фаолият турлари билан шуғулланиши тақиқланмоқда.
Алимент тўламаганлар жамоат ишларига мажбурий жалб қилинади
2021 йилда вояга етмаган фарзандига алимент тўлашдан бўйин товлаган 5,3 мингдан ортиқ фуқаро маъмурий қамоқ жазосига тортилган бўлса, 2022 йилда бу кўрсаткич 8,7 мингдан ортган.
Қонунда алимент тўламаганлик учун белгиланган жарима ёки қамоқ жазоси алимент олувчи болага ҳеч қандай наф келтирмайди. Аксинча, шахснинг маблағи жарима учун ундирилишига ёки у қамоққа олиниб, 15 сутка мобайнида даромад топиш ва алимент тўлаш имкониятидан маҳрум бўлишига олиб келади.
Бунинг олдини олиш учун қонунга янги маъмурий жазо тури, ҳақ тўланадиган жамоат ишларига мажбурий жалб қилиш жазоси киритилмоқда.
Бунда алимент тўламаган шахснинг жамоат ишларини бажариб олган ҳақининг тенг ярми алимент олувчига берилади.
Азиз эркаклар, гарчи хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштиришга доир қабул қилинган қонун сизнинг “эркинлигингизни” озроқ чеклаётган, оилада турмуш ўртоғингиз билан муомалада эҳтиёткор бўлишга мажбурлаётган бўлсада, қонуннинг сиз учун яхши томони аслида жуда катта. Бу қонун эндиликда сизнинг қизингиз, синглингиз ёки опангизни оилада ва жамиятда зўравонликка учрашининг олдини олиши мумкин. Яъни қонун нафақат хотинингизни, балки қизингиз ва опа-синглингизни ҳам ҳимоя қилади.
LiveБарчаси