Эрдўған Германиядан қирувчи самолёт сўраши мумкин – “Bloomberg”
Олам
−
17 Ноябрь 2023
4004Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған бугун, 17 ноябрь куни Берлинга ташрифи чоғида Германия канцлери Олаф Шольцдан Eurofighter Typhoon қирувчи самолётларини сотишга қўйилган тақиқни бекор қилишни сўраши мумкин, бироқ Германия бу таклифни қабул қилиши даргумон. Бу ҳақда Туркия ва Германия расмийларига таяниб, “Bloomberg” хабар берди.
Манбага кўра, Туркия Испания, Буюк Британия ва Италия билан бирга қирувчи самолётлар ишлаб чиқариш бўйича Eurofighter консорциумига кирувчи Германиядан кейинчалик уларнинг сонини икки баробарга ошириш имконияти билан камида 20 та самолёт сўраши мумкин. Туркияга бундай самолётлар “эскирган ҳаво кучларини янгилаши” ва Греция томонидан Франциянинг Dassault Rafale самолётлари сотиб олинишига жавоб бериши учун керак. Аммо Германия бунга ён бериши даргумон, чунки мамлакатлар ўртасида бир қанча масалаларда, жумладан, Исроилнинг Ғазо секторидаги ҳаракатларини қоралаш, Россия ҳаво ҳужумидан мудофаа воситаларини сотиб олиш ва Швециянинг НАТОга аъзо бўлиш истагини ратификация қилишнинг кечикиши бўйича дипломатик таранглик сақланиб қолмоқда.
“Bloomberg”нинг изоҳ беришича, Туркия узоқ вақтдан бери эскирган F-4 самолётлар паркидан воз кечишни режалаштириб келмоқда. АҚШ 2019 йилда Lockheed Martin компаниясининг F-35 қирувчи самолётини яратиш дастуридан Туркияни чиқариб ташлагач, бу масала Эрдўған учун устувор йўналишга айланган. Туркия Россия билан С-400 ҳаво мудофаа тизимини сотиб олишга рози бўлгач, Вашингтон улардан НАТОга аъзо мамлакатларнинг жанговар самолётлари ҳақида маълумот тўплашда фойдаланиши мумкинлигидан чўчиган. Шу муносабат билан, Қўшма Штатлар Швециянинг НАТОга аъзо бўлиш ҳақидаги аризасини Анқара томонидан ратификация қилиниши самолётларни сотишга розилик олиш учун зарурий шарт эканини таъкидлаган.
Туркия Миллий мудофаа вазири Яшар Гулер ҳам аввалроқ F-35 қирувчи самолётларини харид қилиш тарафдори эмаслигини, бироқ Туркия 40 та Eurofighter Typhoon қирувчи самолётини сотиб олишни режалаштираётганига ишора қилган. Унинг сўзларига кўра, Буюк Британия ва Испания сотишга дастлаб рози бўлган, бироқ Германия ҳали кўнмаган.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ “Euractiv” портали Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған Берлинда Олаф Шольц билан учрашуви чоғида Швециянинг НАТОга аъзо бўлиш ҳақидаги аризасини ратификация қилишга тайёрлигини маълум қилиши мумкинлигини ёзганди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь