Эрдўғаннинг рақиби Туркияни ЕИга киритишга ваъда берди
Олам
−
29 Апрель 2023
7437Туркиядаги президентлик сайловларида амалдаги раҳбар Ражаб Тойиб Эрдўғаннинг асосий рақиби бўлиб турган Миллат Иттифоқидан кўрсатилган номзод Камол Қиличдорўғли сайловда ғалаба қозонса, мамлакатнинг Европа Иттифоқига (ЕИ) қўшилиши бўйича музокараларни қайта бошлашга ваъда берди. Бу ҳақда “Financial Times” хабар берди.
Таъкидланишича, мамлакатнинг Европа интеграцияси Қиличдорўғлининг асосий мақсадларидан бири бўлиб, агар у Президент бўлса, бунга эришишга ваъда бермоқда. Шунингдек, у Россия ҳукумати сиёсатига танқидий муносабатда бўлишига қарамай, Москва билан иқтисодий алоқаларни сақлаб қолиш тарафдори эканини ҳам билдирган.
Бундан ташқари, Қиличдорўғли мамлакатда демократик институтларни тиклаш орқали Туркиянинг автократияга айланишининг олдини олиш ниятида эканини айтган.
“Суд ҳокимияти мустақиллиги, оммавий ахборот воситалари ва сўз эркинлиги — буларнинг барчаси қайтиши керак”, деган Камол Қиличдорўғли.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ ўтказилган сўровлар Қиличдорўғли президентлик пойгаси арафасида Туркиянинг амалдаги Президенти Ражаб Тойиб Эрдўғандан ўзиб кетганини кўрсатган эди. Респондентларнинг 46,5 фоизи мухолифатчига овоз беришга тайёрлигини билдирган, Эрдўғанни эса респондентларнинг 42,4 фоизи қўллаб-қувватлаган.
LiveБарчаси