Эрдўғаннинг Бердимуҳамедовдан умиди катта

Олам 9842
image

Туркия Туркманистоннинг Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашига киришидан умид қилмоқда. Бу ҳақда мамлакат Президенти Ражаб Тойиб Эрдўғаннинг Туркманистоннинг “доимий бетараф давлат” мақомини олганининг 25 йиллиги муносабати билан ўтказилган конференция иштирокчиларига йўллаган видеомурожаатида сўз боради. 

Қайд этилишича, Туркия Туркманистоннинг Марказий Осиё мамлакатлари билан ҳамкорликни ривожлантириш бўйича муваффақиятли қадамларини ҳамда Ашхабоднинг минтақанинг нодавлат тузилмалари ва халқаро ташкилотлар билан мулоқотига қўшган ҳиссасини мамнуният билан кузатмоқда. 

Ражаб Тойиб Эрдўған ўз видеомурожаатида Туркманистонни муҳим воқелик – “доимий бетараф давлат” мақомини олганининг 25 йиллиги билан табриклаган. 

Эрдўғаннинг сўзларига кўра, Туркия 1995 ва 2015 йилларда БМТ Бош Ассамблеяси томонидан қабул қилинган “Туркманистон мақоми тўғрисида”ги қарорларни қўллаб-қувватлайди, шунингдек, мамлакат раҳбариятининг Туркманистоннинг доимий бетарафлиги сиёсати доирасида халқаро миқёсда тинчлик, хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш бўйича ташаббусларини юқори баҳолайди. 

“Минтақа аҳолиси доимий бетарафлик мақомига асосланган Туркманистон ташқи сиёсатининг аниқ натижаларига гувоҳ бўлди. Бу Ашхабоднинг Афғонистонда узоқ муддатли тинчлик ва барқарорликни таъминлашга қаратилган саъй-ҳаракатларида ҳам, “Истанбул жараёни – Осиё юраги” жараёнида ҳам намоён бўлди. Туркманистоннинг транспорт, энергетика, саноат, соғлиқни сақлаш ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги саъй-ҳаракатлари бутун минтақанинг келажагига намуна бўлмоқда. Коронавирус инфекциясининг янги пандемияси фонида дунё ҳамжамияти дуч келган муаммолар Ашхободнинг ташаббуслари муҳимлигини яна бир бор кўрсатди”, дейди Туркия давлат раҳбари. 

Эрдўған Анқара Ашхабод билан фаол ҳамкорлик қилишга қатъий қарор қилганини таъкидлади. 

Туркия Президенти яна турк ва туркман халқлари ўртасидаги тарихий алоқаларга эътибор қаратди. 

У пандемияга қарамай, жорий йилнинг 9 ойида Туркия ва Туркманистон ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 18 фоизга ошганини таъкидлади. 

“Туркия компаниялари менинг азиз биродарим, ҳурматли Гурбангули Бердимуҳамедовнинг етакчилик қобилияти туфайли фаол ривожланиб бораётган Туркманистоннинг тараққиётига ўз ҳиссаларини қўшмоқдалар”, дейди Туркия раҳбари. 

Туркия раҳбари Туркманистоннинг Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашига (Туркий кенгаш) тезроқ киришига умид билдирди. 

Маълумот учун, Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик Кенгаши халқаро ҳукуматлараро ташкилот бўлиб, фаолиятининг асоси туркий тилли мамлакатлар ўртасида дўстлик ва қўшничиликни мустаҳкамлаш, ҳудудда ва жаҳонда тинчликни сақлаш, хавфсизлик ва ўзаро ишончни мустаҳкамлашга қаратилган.

Ташкилот 2009 йил 3 октябрда Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик Кенгашини тузиш тўғрисидаги Нахичеван Битимига мувофиқ ташкил этилган.

4 та давлат – Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон ва Туркия Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик Кенгаши (ТДҲК) аъзолари саналар эди. 2019 йилнинг сентябрь ойида Ўзбекистон ҳам ушбу ташкилотга расман аъзо бўлди

Ташкилот таркиби туркий тилли давлатларнинг раҳбарлари Кенгаши, Ташқи ишлар вазирлари кенгаши, Катта мансабдор шахслари қўмитаси, Оқсоқоллари кенгаши ва Котибиятдан ташкил топган. Котибият Истанбул шаҳрида (Туркия Республикаси) жойлашган.

Qalampir.uz Tahririyati
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 227
Рейтинг: 3
t
×