Эрдўғаннинг адвокати Швециядаги намойиш бўйича прокуратурага мурожаат қилди
Олам
−
13 Январь 2023
8583Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўғаннинг адвокати Ҳусайн Ойдин Анқара прокуратурасига Швецияда Туркия раҳбарига қарши намойиш ташкилотчиларига нисбатан жиноий иш қўзғатиш талаби билан мурожаат қилди. Бу ҳақда Ойдин жума куни Twitter орқали хабар берган.
Прокуратурага мурожаат кеча, 12 январь куни Туркияда фаолияти тақиқланган ва террорчи деб топилган Курдистон ишчилар партияси (КИП) тарафдорлари томонидан Стокгольмда ўтказилган митингда Эрдўғанга нисбатан ҳақоратли сўзлар айтилганидан кейин келиб тушган. Айни вақтда Туркия раҳбарига ўхшаш қўғирчоқ маҳаллий ҳокимият биноси олдидаги устунга оёғидан осиб қўйилган.
“Террорчи КИПнинг Стокгольмда президентимизга қарши қаратилган ва жиноят таркибини ўз ичига олган чиқишларини уюштиришга алоқадор шахсларга нисбатан жиноий иш қўзғатиш талаби билан Анқара прокуратурасига мурожаат юборилди”, дейди Эрдўғаннинг адвокати.
Туркияда Президентни ҳақорат қилиш жиноят ҳисобланади. Маҳаллий Жиноят кодексининг 229-моддасига кўра, у тўрт йилгача озодликдан маҳрум қилишни назарда тутади.
Туркия ҳукумати Стокгольмда ўтказилган акцияни қоралади. Швециянинг Анқарадаги элчиси Туркия Ташқи ишлар вазирлигига чақирилиб, унга нисбатан норозилик билдирилди. Туркия парламенти спикери Мустафо Шентоп Швеция парламенти раҳбарининг 17 январга мўлжалланган Анқарага ташрифини бекор қилди, унда шимолий мамлакатнинг НАТОга кириши масалалари муҳокама қилиниши режалаштирилган эди.
Туркия Ташқи ишлар вазири Мавлуд Чавушўғли, ўз навбатида, Швецияни Анқара КИПга қарши қатъий чоралар кўрмагунча унинг НАТОга киришини қўллаб-қувватламаслигидан огоҳлантирди. Унинг эслатишича, Анқара Швециядан террорчилик ташкилотларига қарши курашиш бўйича меморандум имзоланишини кутмоқда, бу Туркия томони Шимолий Атлантика альянсига қўшилиш ҳақидаги аризасини маъқуллаш шарти ҳисобланади. Ушбу ҳужжат ўтган йилнинг июнь ойида Мадриддаги НАТО саммити доирасида имзоланган эди.