Эрдўғанни диктатор деб, Куръон ҳақида ҳазил қилган комик қамоққа олинди

Олам

image

Туркиялик комик Дениз Гўкташга нисбатан Истанбулдаги “Ҳарбия Жемил Топузлу” очиқ ҳаво театрида намойиш этган ва кейинчалик YouTube’га жойлаган “Ўлик денгиз” номли стендап дастуридаги сиёсий ҳажвлари сабаб жиноий иш қўзғатилди. Бу ҳақда “Haberler” хабар берди.

Қайд этилишича, қизиқчи хориж сафаридаги қайтиш чоғида Истанбул аэропортида паспорт назорати вақтида қўлга олиниб, кейинчалик суд қарори билан қамоққа олинган. Унинг адвокати Метин Аслан ва Туркия Адлия вазирлиги маълумотига кўра, Дениз Гўкташга Туркия Жиноят кодексининг 299-моддаси бўйича “президентни ҳақорат қилиш”, шунингдек 216-модданинг 3-қисми бўйича “аҳолининг бир қисми эътиқод қиладиган диний қадриятларни очиқчасига ҳақорат қилиш” айблари қўйилган.

299-моддага кўра, президентни ҳақорат қилганлик учун 1 йилдан 4 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланган. Агар бу жиноят омма олдида ёки ОАВ орқали содир этилса, жазо яна оғирлаштирилиши мумкин. 216-модданинг учинчи қисми эса диний қадриятларни омма олдида ҳақорат қилганлик учун 6 ойдан 1 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазосини назарда тутади.

Дениз Гўкташ полицияга берган кўрсатмасида барча айбловларни рад этган.

“Менинг маълум бир аҳоли қатлами эътиқод қиладиган диний қадриятларни ҳақорат қилиш ниятим мутлақо бўлмаган. Диндор инсонни ранжитиш мақсадим йўқ. Агар бундай фикрни оддий томошабиндан эшитганимда, ўзим ҳам хафа бўлардим”, дейди у.

Шунингдек, у Президентни ҳақорат қилганини ҳам инкор этган.

“Президентни қандайдир тарзда камситиш ниятим бўлмаган. Дастур давомида бошқа машҳур шахслар ва ғояларга қандай ҳазил қилган бўлсам, бу ҳам Туркиядаги ижтимоий воқеаларга қаратилган ҳажвий ёндашув эди, бошқа мақсадим йўқ”, деган Гўкташ.

Мазкур стендап дастури 24 июнь куни YouTube’да эълон қилинган бўлиб, қисқа вақт ичида қарийб 9 миллион марта томоша қилинган. Унда Гўктош мамлакатдаги сиёсий вазиятни ҳажвий усулда ёритиб, ҳукумат вакиллари билан бир қаторда Истанбулнинг қамоқда сақланаётган собиқ мэри Экрем Имомўғлини ҳам танқид қилган.

Стендап дастурида қизиқчи мамлакат Президенти Ражаб Тойиб Эрдўғанни “диктатор” деб атаган.

“Эрдўған уялчан диктатордан ўзини эркин ҳис қиладиган диктаторга айланди. Бизнинг бошимизга келганларни ҳисобга олмасангиз, шахс учун бу жуда катта ўсиш”, деган Дениз Гўкташ чиқишида.

Истанбул Бош прокуратураси 185 та мурожаат ўрганилганидан кейин жиноят иши қўзғатилганини маълум қилган. Бундан ташқари, Гўкташнинг ислом дини ҳақидаги ҳазилларидан бири ҳам баҳс ва эътирозларга сабаб бўлган.

“Дастлабки учта китоб яхши эди, тўртинчисида таржима унчалик эмас. Менимча, тўрт китоб ичида энг яхшиси ўша. 600-йилларда жуда даъволи бошланганди бу. Муаллиф учун ҳам қийин. Кейин онгимизга янги ғоя келса ҳам, ахир “охирги китоб” деб қўйяқолдик”, деган у.

Манбага кўра, комикнинг қўлга олиниши ҳуқуқшунослар, мухолифат партиялари ва қатор жамоат ташкилотлари танқидига учраган. Улар бу ҳолатни сўз эркинлиги ва сиёсий ҳажв ҳуқуқига босим сифатида баҳолаб, Дениз Гўкташни озод қилишга чақирган.

Маълумот учун, 32 ёшли Дениз Гўктош стендап фаолиятини 2019 йилда Истанбулдаги “ТузБибер” комедия клубида бошлаган. Кейинги йилларда у Туркия, Европа ва АҚШнинг турли шаҳарларида чиқишлар қилган.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

Мавзуга доир янгиликлар