Эрдўғанга ютқазган Қиличдорўғли судга тортилиши мумкин

Олам

image

Туркия президентлик сайловларида амалдаги Президент Ражаб Тойиб Эрдўғанга ютқазган мухолифат етакчиси Камол Қиличдорўғли депутатлик мақомидан маҳрум бўлди. Энди у ўзига нисбатан қўйилган 40 га яқин айблов бўйича судга берилиши мумкин. Бу ҳақда “DW Turk” нашри хабар берди.

Қайд этилишича, Қиличдорўғли 2002 йилдан буён парламент депутати сифатида дахлсизлик ҳуқуқидан фойдаланиб келади. Бироқ, бу йил у президентликка номзодини қўйгани учун парламент сайловларида иштирок этмаган. Эндиликда унга нисбатан қўйилган 40 га яқин жиноий аризадан бирортаси прокуратура томонидан маъқулланса, у судга тортилади. Даъволар ичида 16 таси “Президентни ҳақорат қилиш, таҳдид қилиш ва туҳмат қилиш” айблови ҳисобланади.

Қиличдорўғлининг депутатлик дахлсизлиги янги парламент 2 июнь куни қасамёд қабул қилиб, ишга киришиши билан тугайди. Бунгача 2016 йилда Туркия Буюк Миллат Мажлисида мамлакат конституциясига киритилган ўзгартириш билан депутатларнинг ўша кунгача бўлган жиноий ишлари бўйича дахсизлиги бекор қилинган эди. Ўшанда Қиличдорўғлининг 60 га яқин иши кўриб чиқилган. Уларнинг аксарияти мухолифат етакчисининг фойдасига ҳал бўлган. Қолган ишлар Қиличдорўғли 2018 йилда парламент аъзолигига қайта сайланганидан кейин тўхтатилган. 2016 йилдан буён тўхтатилган ишлар энди унинг дахлсизлиги олиниши билан яна қайта кўриб чиқилиши мумкин. Мазкур ҳолатда прокуратура улардан бирортасида жиноят аломати бор деб топса, унинг иши судга оширилади.

Унга қўйилган айбловлар таркиби қуйидагича:

  • суд жараёнига таъсир ўтказишга уриниш – 1 та;
  • омма олдида ҳақорат қилиш – 1 та;
  • мансабдор шахсларни ўз бурчи юзасидан ҳақорат қилиш – 3 та;
  • қўмиталарда фаолият юритаётган мансабдор шахсларни ўз хизмат вазифалари юзасидан ҳақорат қилиш – 3 та;
  • тергов сирини ошкор қилиш – 1 та;
  • жиноят ва жиноятчининг ёнини олиш – 1 та;
  • таҳдидли даъво – 1 та.

Шунингдек, Миллат Иттифоқининг қолган аъзолари ҳам вице-президентликка номзод бўлганлари учун парламент аъзоси бўла олмаган. Шу сабабдан, Мерал Акшенер, Али Бобожан, Аҳмад Довутўғли, Гултекин Уйсал ва Темел Карамуллаўғлилар ҳам ҳозирда депутатлик дахлсизлигига эга эмас. Прокуратура уларнинг ишлари бўйича ҳам даъво очиш имкониятига эга. Булар орасидан Эрдўғаннинг ягона аёл мухолифатчиси Мерал Акшенерга қарши 2016 йилда қўзғатилган Фатҳуллоҳ Гулен ташкилоти аъзоси бўлганлик айблови бўйича тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Бундан ташқари, мухолифатнинг яна бир вакили Экрем Имомўғлига нисбатан Туркия Олий сайлов комиссияси аъзоларини ҳақорат қилгани учун берилган 2 йил 7 ой 15 кунлик қамоқ жазосининг апелляция босқичи давом этмоқда. Агар апелляция даъвоси қабул қилинмаса, у сиёсий таъқиққа учраши ва 2024 йилги маҳаллий сайловларда қатнаша олмаслиги мумкин.


Мақола муаллифи

Теглар

Ражаб Тойиб Эрдўған Камол Қиличдорўғли

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг