Эрдўған зилзиладан жабрланганларга янги уйлар калитларини топширди (фото)
Олам
−
24 Апрель 2023
9160Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған Ғозиантеп вилояти Нурдағи туманидаги Белпинар қишлоғи, Местхуюк қишлоғи ва Қаҳрамонмараш вилоятининг Туркоғлу Ўзбек қишлоғида хусусий уйларнинг калит топшириш маросимида иштирок этди. Бу ҳақда "Anadolu" агентлиги хабар берди.
Дастлаб Президент маросим иштирокчиларини Рамазон ҳайити билан табриклаган.
“6 февралдаги даҳшатли зилзилалардан 15 кун ўтиб, янги хусусий уйларнинг пойдевори қўйилди. Табиий офат зонасида жами 507 минг хонадон ва 143 минг хусусий уй қурилади. Уларнинг 319 мингтаси бир йил ичида топширилади. 60 мингга яқин хонадоннинг пойдевори қўйилди. Бу ишлар давом этмоқда. Бизнинг вазифамиз – зилзиладан жабр кўрган фуқароларни барча қулайликларга эга янги, замонавий уйларга тезроқ кўчириш”, дейди Президент.
Эрдўған табиий офат ҳудудидаги барча шаҳар ва қишлоқларнинг инфратузилмаси янгиланаётганини таъкидлаб ўтган. Бунинг учун бир қанча давлат дастурлари қабул қилинган. Улардан бири фермерларга фоизсиз кредитлар ажратишга қаратилган.
Президент Эрдўған калитларни янги эгаларига топшириб, зилзилалардан жабр кўрган фуқароларни қўллаб-қувватлаш ҳар томонлама давом этишига ишонтирган.
Шунингдек, Туркия жанубида февраль ойида рўй берган вайронкор зилзила қурбонлари сони 50 783 кишига етгани маълум қилинди.
Унга кўра, зилзила қурбонлари орасида 7302 нафар муҳожир ҳам бор. 985 нафар жасаднинг шахсини аниқлаш бўйича ишлар олиб борилмоқда, улар орасида чет элликлар ҳам мавжуд.
LiveБарчаси