Эрдўған зилзиладан жабрланганларга янги уйлар калитларини топширди
Олам
−
03 Февраль
7993Жорий йилнинг охиригача Туркияда 2023 йил 6 февралдаги зилзиладан жабрланганларга 200 мингта уй берилади. Бу ҳақда бугун, 3 февраль куни Туркия етакчиси Ражаб Тойиб Эрдўған Ҳатайда зилзила қурбонлари учун уй калитларини топшириш маросимида маълум қилди.
Унинг айтишича, Ҳатайда 40 мингдан ортиқ уй қурилиши давом этмоқда. Бугун эса зилзила оқибатида уйлари вайрон бўлган оилаларга янги 7 мингдан ортиқ хонадонлар топширилди. Хонадон эгалари қура ташлаш йўли билан аниқланди.
“Биз зилзиладан жабр кўрган шаҳарларимизни тиклаш бўйича ишларни давом эттирамиз. Икки ой ичида зилзила зонаси бўйлаб 75 мингдан ортиқ уй-жойларни эгаларига топширишни якунлаймиз”, дейди Туркия Президенти.
Эрдўғаннинг сўзларига кўра, табиий офат мамлакатнинг 11 вилояти, 124 тумани ва қарийб 7 минг қишлоқда катта вайронагарчиликларга сабаб бўлган. Туркия раҳбари 14 миллион фуқаро табиий офатдан бевосита жабр кўрганини таъкидлади.
"Зилзила қурбонлари ва вайрон бўлган бинолар сони бўйича энг кўп зарар кўрган шаҳар Ҳатай бўлди. Зилзиладан кейинги иккинчи куни Ҳатайга етиб келганимизда дуч келган манзарани ҳеч қачон унутмаганмиз ва унутмаймиз”, дейди Эрдўған.
У ҳар ойда 15-20 мингта уй ва қишлоқ биноларини қонуний эгаларига топширишни мақсад қилганини билдирди.
“Йил охиригача 200 минг уй етказиб берамиз, пойдевор қўйилгандан кейин бир йил ичида қурилишни якунлаймиз, деган ваъдамизни бажарамиз”, дея қўшимча қилди Туркия етакчиси.
Президент 2023 йил февралдаги зилзила оқибатида 53 мингдан ортиқ туркиялик ҳалок бўлганини эслатди.
"Халқимиз бу оғриқли синовдан муваффақиятли ўтди. Мен барча биродарларимизга, қидирув-қутқарув ишларида қатнашган 35 минг кишига, жумладан, 11,5 минг хорижлик қутқарувчига миннатдорчилик билдираман", дея қўшимча қилди Ражаб Тойиб Эрдўған.
Шунингдек, Президент Ҳатайда қурилган янги шифохоналарнинг очилиш маросимида ҳам қатнашган.
“Биз давлатимизнинг барча имкониятларини зилзила зонасига жамладик. Мақсадимиз зилзиладан зарар кўрган барча шаҳарларни, айниқса Ҳатайни жонлантиришдир”, деган Эрдўған шифохоналар очилиш маросимидаги нутқида.
Эслатиб ўтамиз, 2023 йилнинг 6 февраль куни Туркия жануби-шарқидаги Қаҳрамонмараш вилоятида 7,7 ва 7,6 магнитудали иккита вайронкор зилзила содир бўлганди. Ер қимирлашлари ва минглаб ерости силкинишлари республиканинг 11 вилояти ва қўшни мамлакатларда сезилган бўлиб, улардан Сурия энг кўп жабр кўрган. Туркияга етказилган табиий офатдан жами зарар, БМТ прогнозларига кўра, 100 миллиард доллардан ошиши мумкин.
LiveБарчаси