Эрдўған Евродаги мағлубиятдан сўнг футболчиларга тасалли берди (видео)
Спорт
−
07 Июль
15696Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған Европа чемпионати чорак финалида Нидерландига қарши ўйиндаги мағлубиятдан сўнг кийиниш хонасига кираётган Туркия терма жамоаси футболчиларига тасалли берди. Бу ҳақда Туркиянинг ҳукмрон партияси хабар берди.
Германияда бўлиб ўтаётган футбол бўйича Европа чемпионати чорак финалида Нидерландия терма жамоаси Турк жамоасини мағлуб этди. Учрашув Берлинда бўлиб ўтди ва 2:1 ҳисобида Нидерландия фойдасига ҳал бўлди, унда Стефан де Вриж (70-дақиқа) 2015 йилдан буён илк бор миллий терма жамоаси сафида гол урди. 76-дақиқада Туркия терма жамоаси ҳимоячиси Мерт Мулдур томонидан ўз дарвозасига тўп киритилди. 35-дақиқада эса Самет Акайдин Нидерландия дарвозасига киритилган голга муаллифлик қилганди.
Ўйинни Туркия етакчиси Ражаб Тойиб Эрдўған стадиондан кузатди.
“Жаноб Президент ўйиндан кейин кийиниш хонасида футболчилар билан учрашди”, дейилади партиянинг Х ижтимоий тармоғидаги саҳифасида.
Эътиборлиси, тақдим этилган фотосуратларда Эрдўған кийим алмаштириш хонасида “кулранг бўри” ишораси учун UEFA томонидан аввалроқ дисквалификация қилинган футболчи Мериҳ Демирал билан ҳам кўришгани акс этган.
Эслатиб ўтамиз, Эрдўған миллий терма жамоани стадионда қўллаб-қувватлаш мақсадида Озарбайжоннинг Шуша шаҳрида бўлиб ўтган Туркий Давлатлар Ташкилоти Давлат раҳбарлари саммитида иштирок этиш дастурини бекор қилганди.
LiveБарчаси