Эрдўған ва Қиличдорўғли сайловнинг иккинчи турига тайёрлигини айтмоқда
Олам
−
15 Май 2023
7555Туркиянинг амалдаги Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған ҳамда муҳолифат партияси вакили Камол Қиличдорўғли мамлакатда бўлиб ўтадиган президентлик сайловларининг иккинчи босқичига тайёрлигини айтмоқда. Бу ҳақда “Deutsche Welle” нашри хабар берди.
“Сайловлар биринчи босқичда якунланадими ёки йўқми ҳали билмаймиз. Аммо агар одамлар бизни иккинчи босқичга юборса, биз бу қарорни ҳурмат қиламиз”, дея Эрдўғаннинг Анқарадаги тарафдорларига қаратилган сўзларидан иқтибос келтирган AFP ахборот агентлиги.
Эрдўғаннинг асосий рақиби, “Миллат иттифоқи” партиясидан номзод Камол Қиличдорўғли ҳам халқнинг иккинчи турни ўтказиш тўғрисидаги қарорига рози эканлигини билдирди. Шу билан бирга, иккала сиёсатчи ҳам ўзларининг сўнгги ғалабаларига ишонч билдирган.
Биринчи босқичда номзодлардан бирининг ғалабаси учун у камида 50 фоиз овоз тўплаши керак. Демак, Туркияда президентлик сайловларининг иккинчи турини ўтказиш эҳтимоли катта – бу жорий йилнинг 28 май куни бўлиб ўтиши мумкин.
Туркияда президентлик сайловлари кеча, 14 май куни бўлиб ўтди. Тошкент вақти билан бугун, 15 май соат 09:10 ҳолатига кўра, овозларни санаш ҳали якунлангани йўқ. Сайлов қутиларининг 99,9 фоизи очилгач, амалдаги давлат раҳбари Эрдўған 49,34 фоиз, унинг асосий рақиби Қиличдорўғли 44,99 фоиз овоз тўплагани очиқланди.
LiveБарчаси